МЕНИ БАҒРИНГИЗГА БОСИНГ, ОТАЖОН!.

  • Болакай мактабдан қайтаркан, ҳовли четидаги хонасига қараб кетди. Девор тагида турган табуреткага чиқиб, эшикнинг ойнали қисмидан қаради. Отажони ҳар доимгидек ўз жойида, эски чорпоя ўриндиқда ўтирарди. Олдида бир нечта ичкиликдан бўшаган шиша турибди. Чорпоя устида сочилиб ётган сигарет қолдиқлари ҳар ерга тўкилган, тўшанчиқлар сигарет куллари ва суюқликлар тўкилаверганидан рангини йўқотганди. Отаси телевизор томоша қиладиган ҳолатда бўлмаса-да, тўрдаги телевизор ёниқ эди. Болакай мактабга энди бораётганди.Шунга қарамай уй вазифаларини катталар ўз ишларини бажаргандек шахд билан бажарар, ўқитувчисининг топшириқларига ҳамма нарсадан муҳим иш сифатида қарарди. Шу билан бирга отасини ҳам кузатиб турмаса бўлмасди. Чунки отаси қалтираб қўлидаги сигаретасини тушириб юборар, баъзан уст-бошини, баъзида кўрпа- тўшаги, ҳатто полга тўшалган гиламларда ҳам ёнғин чиқариши мумкин эди. Ҳар доим ароқ ичиб маст бўлиб, ўзини бошқаролмайдиган ҳолатга келганидан, шу пайтга қадар уйда ёнғин чиқармагани болакай учун мўъжиза эди гўё. Отаси учун қиладиган дуолари орасида ёнғин чиқмаслигини ҳам сўраб илтижо қиладиган бўлди у.Болакай уй вазифасини эшик устида туриб бажармоқчи эди. Чунки ичкарига кирса отасининг хириллаган товуши, бақир-чақири овозидан дарсини қилолмасди. Онажониси ҳар доимги ишини бажаришга мажбур эди. Тез-тез бўлмаса-да, ҳафтада бир-икки марта бадавлат одамларнинг уйида фаррошлик қилиб келарди. Болакай ўша кунлар отасининг ёнида қолиб, унга кўз-қулоқ бўлиб турарди. Ҳовли деворидаги соат болакайга вазифасини эслатиб рақамларни кўрсатарди. Демак отажонисининг олдига кириши, унга зарур дориларни ичириши керак. Отаси ҳар ярим соатда дориларини ичиши керак эди. Бу иш китобидан тез-тез бош кўтаришига мажбур қилса-да, отасини қаттиқ яхши кўрганидан бу юмушни малол олмасди. Энг катта истаги отасига яқинлашиш, бир баҳона билан отасининг қўлларини силаш эди.Отаси анча йиллардан бери қулфланган хонасидан фақат ҳожатга чиқар, яна тезгина ўша димиққан хонасига қайтарди. Болакай эшик очилган заҳоти орзиқиб даҳлизга чиқар, отасининг ўзи билан гаплашишнини, ҳатто баъзан тушларидан кўрганидек уни қучоқлаб, эркалаб-суйишини кутарди. Отасидан эса фақат биргина сўз эшитарди:- Ҳа, нима бўлди?- Ҳеч нима, ҳаммаси жойида,- дерди маҳзунгина кулимсираб, севгисини кўнглига яшириб.Болакай бир куни мактабдан қайтиб, уй вазифасини бажаришга ошиқди. Одатдагидек табуретканинг устига чиққанди, табуретканинг бир оёғи синиб, эшик ромидан аранг тутиб қолди. Қўлларини қўйиб юборса эшикдан тушиб кетарди. Табуретка тескари айланган, бир оёғи синиб чеккага тушиб қолганди. Болакай шу тарзда эшикка осилганча қимирламай турган эди, тарақ-туруқ овозларни эшитиб отаси ташқарига чиқди.Табуреткани бир чеккага суриб қўйиб, ўғлининг белидан ушлаб олди:- Қўлларингни оч, эшикни қўйиб юбор!- деди ўғлига. - Хавотир олма, сени ушлаб турибман, йиқилиб кетмайсан. -Болакай ҳеч нарсани эшитмаётгандек эди. Отаси бироз кутиб турди-да:- Қўйиб юбор, қўрқма, қўйор эшикни,- деди. - Сени маҳкам ушлаб турибман, хавотирланма, ўғлим.Болакай фақат ўзи эшитадиган овозда пичирлади:- Кучим тугамагунча қўйвормайман, отажон! Чунки мени биринчи марта қучоқлаяпсиз!..