ЕТИМГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛИШ

  • Етимга ғамхўрлик қилиш

    Жамиятда меҳр-мурувватга ташна, ҳимояга муҳтож бўлган етимлар ҳам мавжуд экани биламиз. Динимиз таълимотида инсониятни ўзаро бир-бирларига яхшилик қилишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга буюрилар экан, етимларга ғамхўрлик қилинган жамиятда бирдамлик, меҳр-оқибат, барака ҳамда хотиржамлик ҳукм суради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида хайру эҳсонни кимларга ва қандай қилинишини айтиб, улар орасида етимларни алоҳида зикр қилиб ўтган: “Сиздан (эй Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир”. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассаламга Аллоҳ таоло етимликда қандай парвариш этилгани тўғрисида эслатиб шундай дейди: “(Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”. Етимни кафолатга олишнинг фазилати, унга бериладиган савобларнинг улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан у зот: Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз” – деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар. Етимни ўз қарамоғига олишга ҳақлироқ киши аввало, унинг энг яқин қариндошларидир. Бошқаларга  қараганда қариндошлари, яқин кишилар етимга нисбатан мушфиқ ва меҳрибонроқ бўлади.          Аллоҳ таоло етимлар ҳаққини емасликни ва улар балоғат ёшига еткандан кейин, уларни ҳақларини ўзларига қайтариб беришга буюриб шундай марҳамат қилади:“Етимларни, то балоғат ёшига етгунларига қадар  назорат қилиб (вояга етиш вақтини кузатиб) турингиз: вояга етганларини сезсангиз, (қўлингиздаги омонат) мол-мулкларини ўзларига топширингиз! Уларни исроф қилиб ва (улғайиб қолмасинлар деб) шошқалоқлик билан еб юбормангиз! Ким бой бўлса, (етимнинг мулкидан ейишдан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида олиб) есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда, уларга гувоҳ чақирингиз. Аллоҳ ҳисоб-китобда кифоя қилувчи зотдир  ” . (Нисо сураси, 6-оят). Ҳозирги кунда қариндош-уруғчилик ҳаққини унутиб етимларни қаровсиз қолдириб, уларни етимхоналарга олиб бориб ташлаётган инсонлар ҳам  оз бўлсада учраб турибди. Кейинги пайтларда “тирик етимлар” деган иборанинг кўп эшитилишига ҳам асослар бор. “Тирик етим” деганда отаси тирик бўлатуриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир ўзининг роҳатини кўзлаб, оиласини ва сағир-сағира фарзандларини қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими?!Динимиз таълимотида оила ва фарзандларининг нафақалари ва тарбияларига умрини бахшида қилган кишиларга жуда юқори даража ва мартабалар, ажру савоблар берилажаги тўғрисида башоратлар бор. Оят ва ҳадисларда фақат етим-есирларга эмас, балки барча моддий-маънавий ёрдамга муҳтож кимсаларга мурувват кўрсатиш,  имкон даражасида ёрдам қўлини чўзишга даъват этилади. Ҳадиси қудсийда: “Қайси бир инсон бировнинг оғирини енгил қилса, ҳожатини раво қилса, Мен ўша инсоннинг оғирини охиратда енгил қиламан, ҳожатини раво қиламан”, - деб Парвардигори олам ваъда қилгани баён этилган.  Мамлакатимизда  эзгуликка муҳтож ташна қалбларга,етим-есирлар ва ногиронларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ҳукуматимиз томонидан яхши йўлга қўйилган. Етимлар учун меҳрибонлик уйлари фаолият кўрсатиб турибди. Саховатпеша инсонлар ана шундай жойларга хайр-эҳсон қилиб, уларнинг кўнгилларини кўтариб, хабар олиб туришлари ҳам айни савоб ишлардандир. Бизнинг аждодларимиз доимо етимларнинг бошини силаган, ота-онанинг ҳаққини адо этган, уларнинг ҳурматини жойига қўйган халқ бўлган. Шундай экан биз ҳам ўзаро меҳр-оқибатни унутмайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга ва етимларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин! Омин.  

     

    Избоскан туман “Катта” жоме масжиди имом – хатиби:                          И.Асранов