СОҒЛИК БИЗНИНГ БОЙЛИГИМИЗ

  •                                                   Соғлик бизнинг бойлигимиз

    Одамлар наздида тўлақонли, саодатли ҳаёт кечириш учун тананинг соғлом бўлиши, бирорта аъзонинг хасталикка чалинмаслиги, киши ўзини соғлом, бардам ва хушкайфият ҳис этиши керак. Акс ҳолда ҳаёт мазмуни йўқолади, турмушдан файз кетади, дунёнинг ҳеч қандай лаззати ва жозибаси татимайди.  Ҳаёт ширин, саломат умргузаронлик қилиш ундан ҳам ширин. Бахтли-саодатли турмуш кечириш учун эса инсонга аввало соғлиқ керак. «Энг ширин лаззат саломатликдир», деган Луқмони Ҳаким. Бирор жойингиз оғриб турса, бирор касаллик безовта қилиб турган бўлса, сизга ҳеч нарса татимайди. Шу боис ҳам бутун дунёда одамлар соғлиғини муҳофаза қилиш йўлида катта саъй-ҳаракатлар қилинади ва кўп маблағлар сарфланади.

    Муқаддас динимизнинг илоҳий таълимотида инсон учун зарур бўлган соғлиқнинг улуғ  неъмат эканлиги, унинг қадрига етиш зарурлиги алоҳида таъкидланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир муборак ҳадисларида:“Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг: кексаликдан аввал ёшликни, бетобликдан аввал саломатликни, фақирликдан аввал бойликни, бир ишга машғул бўлиб қолишдан аввал бўш вақтни ва ўлим келмасдан аввал ҳаётлик вақтни ғанимат билинг” – деганлар. (Имом Байҳақий,  Имом Ҳоким ривоят қилган). Одамлар  наздида тўлақонли, саодатли ҳаёт кечириш, Аллоҳ таолонинг амр-фармонларини бажариш, ибодатида қоим бўлиш учун энг аввало тананинг соғлом бўлиши, бирорта аъзонинг хасталикка чалинмаслиги, киши ўзини соғлом, бардам ва хушкайфият ҳис этиши керак.Инсонни яратган Аллоҳ таоло бошқа синовлар қатори турли хасталикларни ҳам яратган. Айни пайтда уларни муолажа қилиш йўлларини, хасталикларнинг давосини ҳам инсонларга билдириб қўйган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:  «Унинг Ўзигина мени едирур ва ичирур. Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур». (Шуаро сураси, 79-80-оятлар).

    Яна бир ояти каримада эса Аллоҳ таоло Ўзи яратган миттигина махлуқи асалариларга одамлар учун шифобахш бўлган асал тўплаш вазифасини юклаб қўйганини зикр қилади:  “Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир”. (Наҳл сураси, 69-оят).“Ал-Жомеъ ли-аҳкомил Қуръон” тафсир китобининг соҳиби мазкур ояти карима  мазмуни бетоб киши албатта дарди муолажасини олиш  ва ўз вақтида даволанишга далолат қилади, деб қатъий такидлайди.(5 жуз, 90 бет ).Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳам инсонларнинг саломатлигини асраш, турли хасталиклар муолажаси ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Ҳатто ҳадис китобларимизда “Тиббун-Набавий” (Пайғамбар табобати) деган алоҳида боблар ҳам бор. Қуйида ана шундай ҳадиси шарифлардан айримларини келтирамиз: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қайси бир дардни туширган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир», дедилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).

    Саъд розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Агар бирор ерда ўлат борлигини эшитсангиз, у ерга кирманглар. Бордию у сизлар турган ерда тарқаса, у ердан чиқманглар», дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Барча мавжудодлар ичида азизу мукаррам ва ақл-идрок соҳиби қилиб яратилган инсон зоти ўзининг ботиний ва зоҳирий тан аъзоларини Аллоҳ таоло белгилаб ва кўрсатиб қўйган ўринларда фойдаланиши ва ишлатиши лозим бўлади. Зеро, инсон уларнинг ҳар бири тўғрисида масъулдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло огоҳлантириб айтади:

    “(Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”. Шу билан бир қаторда инсон ўзига омонат қилиб берилган барча тана аъзолари ва ақлини турли ёмон иллатлардан, зарарлардан авайлаб сақламоғи лозим. Хусусан, тез суръатлар билан ривожланаётган ҳозирги асримизда оламшумул тарзда кенг тарқалаётган юқумли ОИТС касаллигидан эҳтиёт бўлиш керак бўлади. Зеро, инсон ўз соғлиғини асрашга масъул эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло ояти каримада: “Ўзларингизни асранглар”, - деб айтади. Бу муборак ояти каримада Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларга соғлиқларни асрашга буюрмоқда. Жамиятимизда оз бўлсада учраб турган   гиёҳвандлик каби иллатлар ҳозирги кунда бутун жаҳонда ўта мураккаб муаммолардан бўлиб қолмоқда. Инсоният ва жамият учун балою-офат бўлган мазкур иллатларни таг-туги билан йўқ қилиш учун илмий асосланган, самарали усуллардан фойдаланишимиз керак. Доно халқимиз: “Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ!”, - дейди. Эҳтимол, орангизда аксариятингиз “Биз бундай зарарли иллатлардан йироқмиз” деб ўйлашлари мумкин. Аммо мусулмон кишининг зиммасида шундайин улуғ вазифа борки, у ўзи мўмин ва тақволи бўлиш билан бирга жамиятдаги бошқа инсонларни ҳам шундай бўлишга чорлаши лозим. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда айтилганидек,  “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзи севган нарсани биродарига ҳам бўлишини истамагунча ҳақиқий мўмин бўлмайди” (Бухорий ва Муслим ривояти). Ушбу ҳадисдан шу нарсани тушунишимиз керакки, яъни ўзига раво кўрган фаровон ҳаёт, соғлиқ ва саломатликни бошқаларга ҳам раво кўриш, уларни ҳалокатга етакловчи иллатлардан қайтариш ҳақиқий мўминлик аломатларидандир. Инсон саломатлиги энг улуғ неъмат эканлиги барчага маълум бўлган ҳолда, унинг қадрига етиш уни асраб-авайлаш ҳар доим ҳам муҳим масалалардан бўлиб келган. Соғлом одам оламни ҳам тиниқ мушоҳада қилади ва аниқ фикрлайди. Аждодларимиз соғ танда соғ ақл деб бежиз айтишмаган. Дунёнинг  ободлиги, юртнинг тинчлиги ҳамда халқнинг фаровонлигига эришишда сиҳат-саломатлик асосий ўрин тутади. Мусулмон эркакларнинг асосий бурчларидан бири ўзининг қарамоғидагиларнинг Аллоҳ уни масъул қилиб қўйганларининг соғлиғини эҳтиёт қилишдир. Уй-жойни, автомашинини таъмир қилишга катта харажат қилаётганимизда ота-оналаримиз, фарзандларимиз ва оилаларимиз соғлиғи учун нима қилдим? деган саволни қўя билайлик.

    Аллоҳ таоло барчаларимизни, азиз  бўлган  фарзандларимизни  ҳар томонлама соғлом бўлиши учун олиб бораётган холис ҳаракатларимизда, тарғибот ва ташвиқот ишларимизда муваффақиятлар ато этишини сўраб дуолар қиламиз!

     

    Избоскан туман “Умар ибн Хаттоб” жоме масжиди

    имом хатиби:            А.Қодиров    ва      ноиб – имоми:           Ж.Султонов