Камтарлик фазилати

  • Камтарлик  фазилати

     

    Камтарлик  гўзал  инсоний фазилатлардан  бири  бўлиб, динимиз  таьлимоти  мўмин  мусулмонларни  шу  сифатга  эга  бўлишга тарғиб  қилади.  Камтарлик ва хокисорлик сифатига эга бўлган киши нафақат эл-юрт олдида, балки Аллох даргохида хам мақтовга лойиқ. Бундай инсонлар хар қачон  ўз хурматларини сақлай  билиши билан бир қаторда, ўзгаларнинг қадр-қимматларини хам ўрнига қўядилар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб; “Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди.” деганлар (Муслим ривояти.)

    Ривоят қилинади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомга йўл олдилар. Ўзи билан қули ўртасида туя минишда навбат қилиб қўйди. Умар розияллоҳу анҳу туяни минса, қули туянинг нўхтасини ушлаб бир фарсах йўл юрарди. Сўнгра тушарди, қули минарди, Умар розияллоҳу туянинг нўхтасидан ушлаб бир фарсах йўл юрарди, сўнгра алмашарди. Шомга яқинлашгач миниш навбати қулники эди. Қул туяни минди Умар розияллоҳу анху туя нўхтасини ушлади. Йўлда сув йўлиқди, у зот оёқ кийимини чап қўлтиғига олиб  туянинг нўхтасини ушлаган холда сувга тушди. Абу Убайда ибн Жаррох уларга пешвоз чиқди. У киши Шом амири эди. Жаннат башорати берилган ўн кишидан бири эди. У киши “-Эй Амирал Муъминий Шомнинг улуғлари сизни кутиб олиш учун чиқишса сизни бу холатда кўрсалар чиройли бўлмайди” дедилар.Шунда Умар розияллоху анҳу; “Аллоҳ бизни ислом билан азиз қилди одамларнинг гапларига эьтибор бермайман” дедилар. Булар росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари эдилар. Уларнинг хулқи тавозеъ-камтарлик  эди. Улар одамлар хузурида ҳам, фаришталар хузурида хам, Аллох таоло хузурида ҳам инсонларнинг энг азизи хурматлиси бўлдилар. Аллоҳ таоло барчаларимизни камтарлик ва инсоний фазилатлар асосида ҳаёт кечиришни насиб айласин.

     

     

        Избоскан туман “Имом Хусайн” жоме масжиди имом хатиби:             Д. Холматов