ЁШЛАРНИ ИЛМГА ЙЎНАЛТИРАЙЛИК

  •                                                     Ёшларни илмга йўналтирайлик

    Илм олиш динимизда энг улуғ ибодатлардан саналиб, унинг воситасида Раббисини танишга, У зотнинг буйруқларини бажаришга, шунингдек, барча мавжудотларга тааллуқли бўлган ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади. Бошқа динларда Ислом динидек илм олишга тарғиб қилинмаган. Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи” деб нозил бўлиши сўзимизнинг ёрқин далил бўла олади. Ўқиш – илмнинг калитидир. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборган пайтни эсга олсак. Одамлар жаҳолат ботқоғига тамоман ботган эди. Жоҳилиятнинг бу ҳолатини ёритишга тарихчиларнинг қалами ўтмаслик қилади, дейилган. Аллоҳ таоло уларнинг бу ҳолатини Қуръони каримда шундай баён қилган: “Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди”, (Оли Имрон сураси, 103-оят). Аллоҳ таоло илм дини бўлмиш Ислом дини билан инсониятни жаҳолат зулматидан Ислом нурига олиб чиқди. Ислом дини илмни имонга тасдиқ, амалга эса йўлбошчи қилган диндир. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар”. (Муттафақун алайҳ) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мусулмон киши илм олиши фарз экани ҳақида шундай деганлар:Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”, дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган Ҳакимлар айтган экан: “Кимда-ким ўзининг билмаслигини яшириб, илм олишдан бош тортса ёки касалини яшириб, даволанишдан бош тортса, у ўзига ўзи хиёнат қилибди”. Чунки диний иш бўлсин ёки дунёвий иш бўлсин, унга билмасдан киришган кишининг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади. Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир. Бу илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар. Турли ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Ислом дини илм фанга тарғиб қилиб, унинг ҳукмини фарз даражасига кўтарар экан, бу ҳукм аёл қизларни ҳам четлаб ўтмаган. Чунки жамиятнинг ярмидан кўпини аёл-қизлар ташкил қилади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Улар билимли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Қуръон уммати, Илм уммати, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати бўлган биз мусулмонлар учун илмсиз қолиш ордир. Чунки буларнинг барчаси илмга даъват қилади. Биз агар илм ўқимасак, фарзандларимизни илмга қизиқтирмасак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматимиз деган даъвони нима билан исботлаймиз!?. Али розияллоҳу анҳу айтган экан: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”, деганлар. Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали парвардигорларини танийдилар. Охирати ва дунёсини илм билан обод қилади. Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор унутмайлик. Аллоҳ таоло илм ва тарбия йўлида хизмат қилаётган ва унга ташаббус кўрсатётган барча раҳбар ва ходимларимизни эзгу мақсадалрига муваффақ қилсин!

     

    Избоскан туман “Катта” жоме масжиди имом хатиби:                                      И.Асранов