ОТА - ОНАНИ РОЗИЛИГИ

  •                                                        Ота - онани розилиги

    Ота - онани розилиги Оилада энг олий мақом соҳиблари ота онадир. Чунки, инсонни дунёга келишига ҳақиқий сабаб Аллоҳ таоло бўлса, ота она эса зоҳирий сабабдир. Бу ҳақиқатни фарзандлар бир лаҳза ҳам унутишлари мумкин эмас. Аллоҳ таоло Исро сураси, 23 ояти каримасида шундай дейди: Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт. (Исро сураси, 23-оят) Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Жаннат оналар оёғи остидадир”деганлар. Оналарга итоаткор бўлиш ва уларни рози қилиш жаннатга киришга сабаб бўлади. Юқоридаги ҳадисдан мурод, онага яхшилик қилиш ва унинг хизматини қилишда унинг оёқлари остидаги тупроқдек бўлиш керак.... деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муборак ҳадиси шарифларида ота-онанинг хизматларини қилиб дуоларини олиш, уларни норози қилиб ранжитиб қўймаслик ҳақида кўп марҳамат қилганлар. Улар вафотларидан кейин ҳам фарзанд зиммасида ҳақлари борлигини таъкидлаганлар. Аллоҳ таоло Луқмон сураси, 14 ояти каримасида шундай дейди: “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки), “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”(Луқмон сураси, 14-оят) Қуръони карим оятларида фарзандларга яхшилик қилишдан кўра ота-онага яхшилик қилиш хусусида кўп айтилган. Улар ўзлари емай едирадириб, киймай кийдирадилар. Фарзанд учун барча роҳатларидан воз кечиб барчанинг эҳтиромига лойиқ бўладиоар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Амалларнинг қайси бири афзал? деб сўрадим. Вақтида ўқилган намоз дедилар. Кейин нима? дедим. Ота-онага яхшилик қилиш дедилар. Абу Усайддан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам: Ё Расулуллоҳ! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтгандан кейин қиладиган яхшилик қолдими? деб сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳа, тўрт нарса дедилар: уларнинг ҳаққига истиғфор айтиб дуо қилиш, уларни ваъдаларини бажариш, дўстларини ҳурмат қилиши ҳамда сен билан қориндош бўлмаган аммо, ота-онанг билан қориндош бўлганлар билан қариндошлик ришталарини боғлаш . Ислом динимизда ота-онага фақат яхшилик қилишни талаб этади. Қуръони каримнинг Анкабут сураси, 8-оятида: “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” дейилади. Ҳадиси шарифда айтиладики: “Гуноҳи кабиралар: Аллоҳга ширк келтириш, инсонни қонини ноҳақ тўкиш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гувоҳлик бериш.........” (Муслим ривояти). Айрим ёшларимиз эса кексайган ота-онасини гўёки динсизликда айблаб, мутаассиб шахсларнинг даъватига учиб, кексайган ота-оналарини хор қилиб уруш авж олган ҳудудларга бориб қолмоқдалар. Ўзларининг қилмишлари билан ота-онасини юзини ерга қаратиб, уларнинг қарғишларига қолмоқда. Аллоҳ барчаларимизни бундай гуноҳ амаллардан асрасин. Ҳадиси шарифда “Ота –онасини тириклик вақтида рози қилмаган фарзанд хор бўлсин, хор бўлсин”, дейилган. Бир ҳадисда айтилади: “Кимки ота-онасини розилигини олган бўлса, унга қандай яхши! Аллоҳу таоло унинг умирини узайтиради”. Уч киши ёмғирдан қочиб бир ғорга кириб олишади, бир харсанг тош думалаб тушиб, улар ўтирган ғорнинг оғзи ёпилиб қолади. Ҳар бирлари қилган солиҳ амалларини васила қилиб, Аллоҳ таолодан ёрдам сўрайдилар. Шунда улардан бирлари кекса ота-онасига қилган яхшилигини эслайди ва: “Агар Сен шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик...” дейди. Шунда, Аллоҳ таоло тирқиш очиб уларга нажот беради. Ота-оналаримизни рози қилиб хайрли дуоларини олиб қолмоқликни биз фарзандларга Аллоҳ таоло насиб этсин. Ўтганларнинг борадиган жойларини улуғ мақомлардан қилсин.

     

    Избоскан туман бош имом хатиби:                                                                С.Юнусов