МАСЖИД ХУРМАТИ

  •                                                        Масжид ҳурмати

    Ислом динимизда масжидни Аллоҳнинг уйи дейилади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда)Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз! (Жин сураси, 18-оят). Масжидга келган намозхонлар Аллоҳнинг уйига зиёратга келган бўладилар. Зиёратга келган киши у жойнинг тартиб-қоидаси ва одоб-ахлоқига риоя қилиши лозим бўлади. Шунда зиёратчига иззат-икром кўрсатилади. Қуйидаги Ҳадиси Қудсийда шундай дейилади: Абу Саъид Ал-Худрий дан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай деганлар:“Агар бир кишини масжидларга боришни одат қилганини кўрсангиз унинг имони бутун эканлигига гувоҳ бўлаверинг. Аллоҳ таоло:“Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган ... кишилар обод қилурлар”, деган” (Имом Термизий ривояти). Масжидни обод қилиш деганда, уни моддий ва маънавий обод қилиш тушунилади. Бита масжид қуриш ёки уни обод этишнинг савоби динимизда энг катта савобли иш саналади. Бу ҳақда кўплаб ҳадисларда баён этилган. Жумладан, Усмон ибн Аффон дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) : “Ким Аллоҳдан савоб умидида битта масжид қурса Аллоҳ таоло унга жаннатда шунга ўхшаган бино қуради” деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Анас ибн Молик дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: “Ким Аллоҳнинг масжидларидан бирига чироқ ўрнатса, модомики ўша чироқнинг ёруғлиги шу масжидни ёритиб турар экан унинг ҳақига Аршни кўтариб турувчи ва барча фаришталар истиғфор айтиб турадилар” (Имом Ибн Абу Шайба ривояти). Масжидни маънавий обод қилиш деганда унда намоз ўқиш, Қуръон тиловати, зикру тасбиҳ билан машғул бўлиш, унда дунёвий сўзларни гапиришдан ва савдо сотиқ ҳамда ношойиста ишларни қилишдан сақланиш кабилар тушунилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилган: “У (масжид)ларда эртаю кеч Унга тасбеҳ айтадиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар. Улар қилган эзгу амаллари сабабли Аллоҳнинг мукофотлаши ва яна уларга ўз фазли билан зиёда (савобларни ато) этиши учун (ибодат қилурлар). Аллоҳ (ўзи) хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур” (Нур сураси, 36-38-оятлар). Аввало, масжидга муқаддас даргоҳ сифатида қаралиши лозим бўлади. Масжидга холис ибодат қилиш ниятида таҳорат билан, хушбўйланиб, соч-соқолларни тартибга солиб, тирноқларни олиб, покиза ҳамда авратларни тўлиқ ёпадиган кийимларни кийиб, пиёз ва саримсоқ каби махсулотлар истеъмол қилмасдан келинади. Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадисда шундай дейилган: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади, ом م صَالِ Пайғамбар ﷺ дедилар: “Ким уйида таҳорат олиб сўнгра Аллоҳнинг уйларидан бири сари Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юрса, босган қадамларининг бири хатосини ўчиради, бошқаси даражасини кўтаради”(Имом Муслим ривояти). Аллоҳ таоло барчаларимизни масжидларни моддий ва маънавий обод этувчи бандалари қаторидан бўлмоғимизни насибу рўзи айласин.

     

    Избоскан туман “Умар ибн Хаттоб” жоме масжиди имом – хатиби : А.Қодиров ва имом- ноиби Ж.Султонов