ФИРИБГАРЛИК

  • Фирибгарлик

     Фирибгарлик жинояти молни ботил йўл билан ейишнинг бир кўриниши бўлиб, бундай йўл билан топилган мол оташи дўзахнинг бир бўлаги ҳисобланади.  Бу ҳақда Пайғамбаримиз )с.а.в.( қуйидагича марҳамат қиладилар:Пайғамбар (с.а.в.)нинг аёллари бўлмиш Умму Салама (р.а.) ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ с.а.в. ҳужраларининг олдида жанжал овозини эшитиб, ташқарига чиқдилар ва дедилар: “Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Балки бирингиз бошқангиздан сўзга чечанроқ бўлиб чиқарсиз ва мен уни рост гапиряпти, деб шунга қараб ҳукм чиқараман. Лекин билиб қўйингки, мен кимга бирор мусулмоннинг ҳаққини олиб берган бўлсам, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин” (Имом Бухорий ривояти).

      Сир эмаски, кейинги вақтларда баъзи кишилар одамлардан қарзга ёки шерикчиликка, деб пул олиб, охир-оқибат уни қайтармай ўртада низо чиқиши, яқин кишилар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетиши ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзни пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар:

    Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади, Пайғамбар (с.а.в.) дедилар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзиги талофат етказади” (Имом Бухорий ривояти).

     

     

    Избоскан туман "Ахмадали хожи" жоме масжиди имом - ноиби:             И.Зухридинов