ДЕХҚОНЧИЛИК - РИЗҚ РЎЗИМИЗ

  •  

    Деҳқончилик – ризқ-рўзимиз

     

    Аллоҳ таоло осмондан барокот сувларини ёғдириб, ўт-ўлан ва барча набототларни ўстириб, инсонлар ва ҳайвонларнинг ризқини бериб қўйди.

    Бу ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди: “У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан(суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир”. (Наҳл сураси, 10-11 оятлар)

    Ризқу-рўзимизнинг аксари Ерда етиштириладиган нарсалардан иборатдир. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ризқни ер остидан талаб қилинглар”,дедилар”. (Байҳақий ва Табароний ривоят қилган).

    Аллоҳ таоло инсонни  ердан яратиб, ер юзини ободлиги учун уни ерга қўйгандир: “У сизлaрни ердaн пaйдo қилиб, сизлaрни уни oбoд этувчи этди”. (Ҳуд сураси, 61-оят)

    Бу ояти каримада Аллоҳ таоло одамзотнинг асли ер жинсидан яратилгани ҳамда улар ер юзига уни обод қилиш учун қўйилгани хабари бериляпти.

    Аллоҳ таоло ерни Ўзи обод қилиб яратиб бериб,обод ҳолатда сақлаш ҳамда янада обод қилишни биздан талаб қилган. Деҳқончилик агар Аллоҳ буюрганидек амалга оширилса, бу – Ер юзини энг обод қилувчи касблардан саналади. Ислом дини деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига катта эътибор беради ва тарғиб қилади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган.