РАМОЗОН ОЙИ

  • Рамазон ойи

    Муборак Рамазон ойи кириб келмоқда. Бу ой – саодат асридан буён мусулмонлар томонидан алоҳида аҳамият билан кутиб олинадиган ойдир.

     Бизни мусулмонлардан қилиб яратган ҳамда доруломон юртда тинчлик хотиржамликда рўза тутиш бахтига мушарраф қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

    Рамазон рўзаси қибла Маккага ўзгарган йили, яъни, ҳижратнинг иккинчи йили, Шаъбон ойининг 18-куни фарз бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 9 йил фарз рўзасини тутганлар.

    Рамазон ойида Қуръон нозил бўлган, бу эса Рамазон ойининг фазилатларини янада зиёда қилади. Рўза инсоннинг соғлигига шифо бўлса, Қуръон унинг руҳиятига шифодир. Бу ой мусулмон киши учун тарбия, меҳр-шафқат ойидир.

    Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида имон билан, савоб умидида рўза тутганларнинг гуноҳлари мағфират қилиниши ҳақида марҳамат қилганлар:

     Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда имон  ила савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Рамазонда имон  ила савоб умидида қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким “Лайлатул қадр”да имон  ила савоб умидида қоим бўлса (бедор ўтказса), унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.