ЎТГАНЛАРНИ ХОТИРЛАШ

  • Ўтганларни хотиралаш

    Юртимизда анъанавий нишонланадиган алоҳида эътибор қаратиладиган кунлардан бири “Хотира ва қадрлаш куни”дир. Бу кунда биз ўтмишда ўтган аждодларимиз, хусусан Ватан озодлиги ва халқимизнинг фаровонлиги йўлида жонларини фидо қилиб, бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидойи юртдошларимизни ёдга оламиз. Биз ўтганларни махсус бир кунда, айни 9 майда хотиралашимиз рамзий маънода бўлиб, аслида ҳар доим, ҳар лаҳзада уларни эслаб дуолар қиламиз, уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб, улардан намуналар оламиз. Шунингдек, келажак авлод бўлмиш фарзандларимизга ҳам ўтган аждодлармизнинг ҳаёти биз учун улкан намуна эканини уқтириб келамиз. Уларнинг яхшиликларини ҳамиша, ҳар доим ёдда тутамиз, зеро, “Ўтмишсиз келажак йўқ” деб бежизга айтилмаган.

    Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи-хайрлар қилиш ибодат ҳисобаланади. Шу билан бирга бу амал ҳаёт юрган кишиларнинг зиммасидаги бурч бўлиб, дунёдан ўтиб кетганларнинг ҳаққидир. Қуръони каримда шундай дейилган:

    “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”!(Ҳашр сураси, 10-оят)