ҚАЙТАР ДУНЁ


  • Ширакайф уч оғайни нимқоронғуда "Мўъжиза" деб номланувчи чойхонадан чиқишди.
    - Машинани йўлнинг у четига қўйганман, - деди Нодир тишлари орасидан "чирт" этиб тупуриб. - Йўл-йўлакай сизларни уй-уйларингизга ташлаб ўтаман. Улар катта йўлни кесиб, дарахтлар орасидан ўтишаётганда, ногиронлар аравасидаги бир кишини таёғи билан ўтларни пайпаслаётганини кўришди.
    - Ие, бу одам нима қилиб, адашиб юрибди, - деди Нодир беписанд.
    - Кечирасизлар, жўралар, - деди ожиз киши. - Адашиб қолдим. Маҳаллот кўчаси томон йўлга солиб юборсанглар, илтимос.
    -Тавба, ўзинг кўр бўлсанг, қоронғуда кўчада бало борми, - деди Нодир ғудраниб, - Мана бу томонга юрасиз, - дея тескари томонга буриб юборди уни.
    - Бекор қилдинг, - деди Жамшид, - ахир, ожиз одам бўлса...
    - Иккинчи бемаҳалда кўчаларда тимирскиланиб юрмайди.
    - Балки бирор ҳожат билан чиққандир.
    - Ташвишини ейишни қўй ўшани. Яна суриштириб ўз йўлини топиб олар...
    Улар машинага ўтириб, кўздан ғойиб бўлишди. Бу воқеа уларнинг ёдидан ҳам чиқиб кетган эди, лекин... Орадан уч ой ўтиб Нодирнинг хотинини тўлғоқ тутиб, туғруқхонага олиб келишди. Шифохона эшиги олдида машина калитини ўйнаб келаётган Нодирга онаси дуч келди.
    - Ҳа, онажон, сизни набира билан табрикласам бўладими?
    - Болам, хуеук хабар. Хотининг ўғил туғди. Лекин бола ногирон, икки кўзи ҳам ожиз. Ҳайронман, бизнинг уруғдан бундайлар ўтмаган.
    Нодирнинг вужуди титраб, қулоқлари ғувиллай бошлади. Беихтиёр кўз олдида ўша аравачадаги ногирон одам гавдаланди. Тили айланмай тошдай қотиб қолди...