Ватан кўнгилдадир

  • Ватан кўнгилдадир Қайда жон топсанг, абад жонинг анда, Тўрғай даштда куйлар, булбул – чаманда. Мен сенингман, сен менинг руҳу танда, Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда. Гўдакларнинг сабий кулгусида сен, Ўсмирларнинг ширин уйқусида сен, Йигитларнинг уйғоқ туйғусида сен, Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда. Дарёлар мавжида кўрганман сени, Ўланлар авжида кўрганман сени, Юраклар ганжида кўрганман сени, Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда. Сулув келинларнинг бешигида сен, Исириқ осилган эшигида сен, Турналарнинг олис қўшиғида сен, Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда. Сен учун ошиқиб, тошар жилғалар, Сенинг дийдорингга шошар жилғалар, Гулзорингга гуллар қўшар жилғалар, Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда. Нигоҳлар, қарашлар, қароқлардасан, Хокларда, тошларда, тупроқлардасан, Деҳқон кафтидаги қадоқлардасан, Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда. Мангу озод бўлгин, мангу обод бўл, Шонинг кўтарганга куч бўл, қанот бўл! Асл ўғлонларга қасам бўл, онт бўл: Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда!