Харом луқмадан сақланиш

  •               Харом луқмадан сақланиш
        Аллоҳ таоло айтади: “Мол (ва бойлик) ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз!...” (Бақара сураси 188-ояти).    Яъни, бир-бирингизни молингизни-ҳақингизни емангиз.    Ибн Аббос (р.а) айтадилар: “Яъни, ноҳақ, ёлғон қасам билан киши биродарининг молини ўзиники қилиб олишдан қайтарди”.    Бировнинг ҳақини ейиш икки хил бўлади: биринчиси, зулм орқали-тортиб олиш, хиёнат ва ўғрилик қилиш каби, иккинчиси, ҳазил ва ўйин орқали-қимор ва бошқа бекорчи эрмаклар сингари.    Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: “Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ шунғийдилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур” (Имом Бухорий ривояти).    Пайғамбаримиз (с.а.в) яна айтганлар: “Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст-боши чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин” (Имом Муслим ривояти).    Каъб ибн Ужра (р.а) дан ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в) айтдилар: “Эй Каъб ибн Ужра, ноҳақ-ҳаромдан ўсган гўшт (жасад) жаннатга кирмайди” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).    Оиша (р.а) дан ривоят қилинади: “Абу Бакр Сиддиқ (р.а) нинг хирож тўлайдиган ғуломи-қули бор эди. У зот унинг хирожидан истеъмол қилар эдилар. Бир куни у олиб келган таомни тановул қила бошладилар. Ғулом Абу Бакр (р.а) дан сўради: “Бу нималигини биласизми?” “Йўқ, у нима?” “Жоҳилиятда бир кишига фол очган эдим. Фолбинлик яхши бўлмаган, мен уни алдаган эдим. Ҳалиги киши менга йўлиқиб, ўша ишим учун шу сиз еган нарсани берди”, деган эди. У зот қўлларини оғизларига тиқиб, қоринларидаги бор нарсани қайт қилдилар” (Имом Бухорий ривояти).    Абу Бакр Сиддиқ (р.а) дан ривоят қилинади: Расули акрам (с.а.в) айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди” (Имом Абу Яъло, Баззор ва бошқалар ривояти).    Ривоят қилинишича, дунё ҳаловатли, ям-яшил маскандир. Ким унда ҳалолдан мол топиб ўрнига сарфласа, Аллоҳ уни шу иши учун мукофатлайди ва жаннатига киргизади. Ким дунёда ҳаромдан бойлик орттириб, ўринсиз ишлатса, Аллоҳ уни дўзахга туширади. Қиёмат куни Аллоҳ ва Расулининг молига тажовуз қилганлар дўзахга маҳкум бўлади.    Яна бир ривоятда келади: “Кимда-ким қаердан мол топаётганига эътибор бермаса, Аллоҳ ҳам уни дўзахнинг қайси эшигидан киришига эътибор бермайди”. Шунингдек, ким ўн дирҳамга кийим сотиб олсаю, пулнинг бир дирҳами ҳаромдан топилган бўлса, модомики ўша кийим эгнида экан, Аллоҳ унинг намозини қабул қилмайди.

               “Муҳаммад Розиқбой”             масжиди имоми:                              О.Каримов