Етим молини ейиш

  •                         Етим молини ейиш
        Аллоҳ таоло бундай дейди: “Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар” (Нисо сураси 10-ояти).    Етимларнинг молларини ноҳақ ейдиган кимсалар аслида олов еган бўлиб, қиёмат куни қоринларида алангаланиб туради.    Суддий (р.а) айтганлар: “Етим молини зулм йўли билан ейдиган кимса қиёмат кунида қайта тирилганида, олов алангаси унинг оғзи, бурни, қулоқ ва кўзларидан чиқиб туради. Уни кўрган ҳар бир одам, етим молини еганини дарҳол тушунади”.    Аллоҳ таоло етим моли ҳақида: “Уларни исроф қилиб ва (улғайиб қолмасинлар деб) шошқалоқлик билан еб юбормангиз! Ким бой бўлса, (етимнинг мулкидан ейишдан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида олиб) есин...” (Нисо сураси 6- ояти).    Уламолар: “Яхшиликдан ортиқчасини ейиш ҳаром бўлади”, дейишган.     Ибн Жавзий ўз тафсирида яхшилик билан ейиш ҳақидаги тўрт хил қарашни келтирганлар:1.Қарз ҳисобида олиш.2.Исроф қилмасдан эҳтиёжига яраша олиб ейиш.3.Етим учун қилган хизматига яраша олиш.4.Зарурат бўлганида фойдаланиб, имкон топганида қайтариш. Акс ҳолда, қайтармайди. Расулуллоҳ (с.а.в): “Етимни қарамоғига олган одам мен билан жаннатда мана бундаймиз” деб, кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилиб, орасини сал очиб қўйдилар.” (Имом Бухорий ривояти).Расулуллоҳ (с.а.в): “Ўзига қариндош ва бегона бўлган етимни қарамоғига олувчи киши, жаннатда мен билан мана бундайдир”. Сўнг ровий-Молик ибн Анас кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилдилар, деди (Имом Муслим ривояти).Етимни қарамоғига олиш дегани, уни тарбиялаш, едириб-ичириш, кийдириш ва агар мол-мулки бўлса, уни кўпайтиришдир. Борди-ю мол-мулки бўлмаса, унга Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида инфоқ – эҳсон қилинади.

               “Муҳаммад Розиқбой”             масжиди имоми:                             О.Каримов