Ҳаромдан ҳазар қилинг

  •                 Ҳаромдан ҳазар қилинг
        Абу Ҳурайра (р.а) айтадилар: “Сизлардан бирингиз оғзига тупроқ солиши, ҳаром луқма солишидан кўра хайрлироқдир”.    Юсуф ибн Асбот (р.а) айтганлар: “Агар бирорта йигит ибодатга берилса, шайтон ёрдамчиларига: “Қаранглар-чи, луқмаси қандай экан?” дейди. Агар таоми ёмон (ҳаром) бўлса, шайтон: “Уни ўз ҳолига қўйинглар, қийналиб ҳаракат қилаверсин. Сизларга унинг нафси кифоя қилади. Унга ҳаромдан еб туриб қилаётган ҳатти-ҳаракати фойда бермайди”, дейди”.    Ривоят қилинади: “Ҳар кеча-кундуз Байтул Мақдисда бир фаришта: “Ким ҳаром нарса еса, Аллоҳ ундан нафл ибодатларни ҳам, фарз ибодатларни ҳам қабул қилмайди”, деб нидо қилади”.    Абдуллоҳ ибн Муборак айтганлар: “Шубҳали бир дирҳамни тарк этишим юз минг дирҳам садақа қилишимдан кўра афзалроқдир”.    Ваҳб ибн Вард айтади: “Гарчи устундек қоим бўлсанг ҳам, қорнингга ҳалолми ёки ҳаромми – нима кираётганига қарамас экансан, фойдаси йўқ”.    Ибн Аббос (р.а) нинг бу ҳақдаги сўзларига қулоқ тутинг: “Аллоҳ таоло қорнида ҳаром луқмаси бўлган кишининг намозини У зотга тавба қилмагунича қабул қилмайди”.    Сифёни Саврий (р.а) айтганлар: “Кимда-ким тоат учун ҳаром нарсани инфоқ-эҳсон қилса, худди кийимини бавл ила ювгандек бўлади. Зеро, либосни фақатгина сув поклайди. Гуноҳ эса фақатгина ҳалол туфайли ювилади”.    Умар (р.а) дедилар: “Биз ҳаром иш қилишдан қўрқиб, ўнта ҳалолдан тўққизтасини тарк қилардик”.    Ривоят қилинишича, ким ҳаром мол-дунё билан ҳаж қилса ва “лаббайка” деса, бир фаришта: “Сенга “лаббайка” бўлмасин, ҳажинг мардуддир (яъни мақбул эмас)”, дейди.    Солиҳлардан бири вафот этгач, бир киши уни тушида кўриб: “Аллоҳ сизга қандай муомила қилди?” деб сўрабди. У киши: “Яхши. Аммо, мен бировдан қарзга игна олиб, қайтармаган эдим. Шу игна сабабли жаннатга киролмай турибман”, деб жавоб берибди.    Уламолар фатаволарида ушбу сўзлар бор: “Хоин, алдоқчи, ўғри, баттол, фоиз олувчи (судхўр) ва берувчи, етим молини еювчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарзга нарса олиб, ундан тонувчи, порахўр, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молини айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай ҳақини олиб қолувчи даллол ва ҳур-озод одамни сотиб пулини еювчи кимсалар ҳам бошқаларнинг ҳақини ноҳақ еювчилар сирасига киради”.

               “Муҳаммад Розиқбой”             масжиди имоми:                                 О. Каримов