Ёшлик – умр баҳори

  •                    Ёшлик – умр баҳори

     

        Ҳаёт инсониятга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган қадрли неъматлардан бири бўлиб, ёшлик ва ўсмирлик энг жўшқин даврдир. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларининг бирида: “ёшлигингизни кексалик келишидан олдин ғанимат билинг”, - деб унинг қадрига етиб яшашни таъкидлаганлар.

        Ёшлик даврини эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсоннинг феъл – атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Жумладан, ёшларни аҳли солиҳ кишилар билан дўсту биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларининг бирида: “Яхши ҳамсуҳбат мисоли мушку анбар сотувчидир. Атридан олмаган тақдирингда ҳам унинг хушбўй ҳиди димоғингни чоғ қилади. Ёмон ҳамсуҳбат эса бамисоли темирчининг босқонидир. У гарчи кийимингни куйдирмасада, тутуни димоғингни ачитади”, - деганлар.

        Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни рост сўзловчи кишилар билан бирга бўлишга буюрган: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба сураси, 119 – ояти).

        Ҳадисда айтилишича, ростгўйлик инсонни доимо яхшиликка чорлайди. Онгида ростгўйлик, вафодорлик, фидойилик каби тушунчалар ўрнашган ёшлардан келажакда кўплаб хайрли ишлар кутиш мумкин. Ҳасанул Басрий (р.а) бир куни ёшлар тарбиясига эътиборни жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: “Эй, кексалар! Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?” – деб савол бердилар. “Ҳосили йиғиб олинади”, - дейишди. Шунда Ҳасан Басрий (р.а): “Эй, йигитлар! Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши мумкин”, деб кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар.

        Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу онларда уларни илмга ва касб – ҳунарга тарғиб қилиш лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир, кексаликда ўрганилган илм эса сувга ёзилган ёзув”,  деганлар.

        Ибн Масъуд (р.а) илм талаб қилаётган ёшларни кўрсалар: “Марҳабо илму ҳикмат манбаълари, зулматни ёритувчи чироқлар. Кийимлари юпун бўлсада қалблари пок инсонлар”, - дер эдилар (Имом Байҳақий ривояти).

        Ёшларимизни соф аҳли сунна вал жамоа эътиқодида ҳанафий мазҳабида амал қилишни, киндик қони тўкилган она ватанига, ота –она ва оиласига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбия қилишимизда Аллоҳ таолонинг ўзи бизга мададкор бўлсин.

     

     

     

            “Муҳаммад Розиқбой”

              масжиди имоми:                           О.Каримов