Саломатлик – туман бойлик

  • Саломатлик – туман бойлик

     

        Халқимизда бир гап бор. Тани – сиҳатлик туман бойлик. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг: кексаликдан аввал ёшликни, бетобликдан аввал саломатликни, фақирликдан аввал бойликни, бир ишга машғул бўлиб қолишдан аввал бўш вақтни ва ўлим келмасдан аввал ҳаётлик вақтни ғанимат билинг” – деганлар (Имом Термизий ривояти).

        Касаллик асосан икки турли бўлиб, қалб ва бадан касаллигидан иборатдир. Қалб касалликлари жумласига куфр, ширк, нифоқ, нафсоний шаҳватларга ҳирс қўйиш ҳамда ҳасад, гина – кудурат, адоват кабилар киради. Бу касалликларни давоси биттадир, у ҳам бўлса, Аллоҳни таниб, Унинг илоҳий таълимотларига чин ихлос билан амал қилмоқликдир. Мана шундагина қалб маразлардан ҳоли бўлади ва ўзининг ижобий самарасини аъзолардан акс эттиради. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларининг бирида бунга ишора қилиб: “Танада бир аъзо борки, агар у соғлом бўлса, барча аъзолар ҳам соғлом бўлади, агар у касал бўлса, қолган аъзолар ҳам касал бўлади. Билиб қўйингларки, у қалбдир” – деганлар. Қалб саломатлиги бошқа аъзоларнинг соғлом бўлишлигида муҳим ўрин тутар экан, демак, амалларнинг солиҳ бўлишлиги ҳам қалбнинг солиҳ бўлишига боғлиқдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Иброҳим (а.с) нинг тилларидан шундай деган: “Қайта тириладиган кунда (қиёматда) мени шарманда қилмагин! У кунда на мол – дунё ва на фарзандлар фойда бермас, фақат Аллоҳ ҳузурига соғлам дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуаро сураси, 87 – 89 – оятлари).

        Жисмоний касалликларнинг ҳам тури хилма хил бўлиб, айримлари парҳез қилмаслик, ҳалол – ҳаромга эътибор бермаслик оқибатида юзага келади. Муқаддас Ислом дини инсонларнинг соғлигига, уларда юзага келиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олишга катта эътибор бериш билан бирга, баданнинг соғлигини тиклаш, уни қувватлантиришга ҳам катта аҳамият қаратади. Касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш муҳимроқдир. Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билиш лозимлиги ҳақидаги ҳадисда асосан мана шу нарса кўзда тутилган.

        Мўмин кишининг тақдири илоҳийга ишончи мукаммал бўлгани ҳолда, касалликлардан даволаниши учун чора тадбирлар қўллаши ва буни бир сабаб, деб эътиқод қилиши лозим. Саҳобалардан бирлари: “Ё Расулаллоҳ! Бизлар дорилар билан даволанамиз, нима дейсиз, бу ишимиз Аллоҳнинг тақдиридан бирор нарсани ўзгартира оладими?” – деб сўради. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): “Даволаниш ҳам Аллоҳнинг тақдиридандир”, - деб жавоб бердилар.

        Инсон саломатлиги энг улуғ неъмат эканлиги барчага маълум бўлгани ҳолда, унинг қадрига етиш, уни асраб – авайлаш ҳар доим ҳам муҳим масалалардан бўлиб келган. Соғлом одам оламни ҳам тиниқ мушоҳада қилади ва аниқ фикрлайди. Аждодларимиз соғ танда соғлом ақл деб бежизга айтишмаган. Зеро, дунёнинг ободлиги, юртнинг тинчлиги ҳамда халқнинг фаровонлигига эришишда сиҳат -  саломатлик асосий ўрин тутади.

        Аллоҳ таоло юртимиз тинчлигини бардавом айлаб, сиҳат – саломатликда умр гузаронлик қилишни барчаларимизга насиб этсин.

     

     

               “Муҳаммад Розиқбой”

                 масжиди имоми:                       О. Каримов