Суннатга амал қилиш

  • Суннатга амал қилиш

     

        Молик айтдилар: Менга Пайғамбар (с.а.в): “Сизларга икки нарсани қолдирдим. У икковини ушласанглар, ҳеч қачон адашмайсизлар. Улар Аллоҳнинг китоби ва менинг суннатимдир”, деганларини айтиб беришди.

        Пайғамбар (с.а.в) айтадилар: “Суннатда озгина амал қилиш, бидъатда кўп амал қилишдан яхши. Ҳар бир бидъат адашиш ва ҳар бир адашиш дўзахдир”.

        Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а) айтадилар: “Суннатда иқтисод қилиш, бидъатда ижтиҳод қилишдан яхшидир”.

        Ҳасан Басрий (р.а) айтадилар: “Сўз амал билан дуруст бўлади. Амал ва сўз ният билан дуруст бўлади. Сўз, амал ва ният суннат билан дуруст бўлади”.

        Маъаққал ибн Ясор (р.а) Пайғамбаримиз (с.а.в) дан ривоят қиладилар: “Икки кишига менинг шафоатим етмайди. (Бошқа ривоятда: “Умматимдан икки тоифага”, дейилган). Золим бошлиққа ва дин ишида чуқур кетувчига (яъни динда чуқур кетиб, суннат ва жамоат йўлидан чиққан кишига)”.

        Арбоз ибн Сория Саламий (р.а) айтадилар: “Бизларга Расулуллоҳ (с.а.в) таъсирчан бир хутба қилдилар. Унинг сабабидан кўзлар ёшга тўлди, қалблар эриди. Саҳобалардан бир киши: “Эй Аллоҳнинг элчиси, бу видолашув мавъизаси бўлди. Бизларни нимага буюрасиз?” деб айтди.Набий (с.а.в) “Аллоҳга тақво қилишга, эшитиш ва тоатга буюраман. Чунки мендан кейин кўп ихтилофларни кўрасизлар. Ишларнинг янгиларидан сақланинглар. Чунки у адашишдир. Ким ўша вақтга етса, менинг суннатимни ва тўғри йўлдаги халифаларимнинг йўлини маҳкам тутсин. Уларни озиқ тишларингиз билан тишланглар”, дедилар”.

        Абу Саид Худрий (р.а) Пайғамбаримиз (с.а.в) дан ривоят қиладилар: “Ким ҳалол еса, суннатга амал қилса, одамлар унинг ёмонлигидан омон бўлсалар, жаннатга киради”. “Эй Аллоҳнинг элчиси, бундай кишилар одамлар орасида кўп -  ку?” дейишди. Айтдилар: “Мендан кейинги асрларда улар камаяди”.

        Пайғамбаримиз (с.а.в): “Ҳар нарсанинг офати бордир. Бу диннинг офати ҳою ҳавасдир”, дедилар.

        Мужоҳид (р.а) айтадилар: “Менга Аллоҳнинг икки неъматидан қай бири Исломга ҳидоят этганими ёки ҳою ҳавасдан саломат қилганими, улуғроқ эканини билмайман”.

        Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а) айтадилар: “Пайғамбар (с.а.в) менга бир чизиқ чиздилар ва бу Аллоҳнинг йўлидир”, дедилар. Сўнг унинг ўнг ва чапига қаратиб, бир неча чизиқлар чиздилар. Айтдиларки: “Бу йўлларнинг устида шайтон бор ва ўзининг йўлига чақиради”. Сўнг ушбу оятни ўқидилар: “Албатта, мана шу менинг тўғри йўлимдир. Бас, бу йўлга эргашинглар. Бошқа йўлларга эргашмангизлар – ки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр, шояд, тақво қилсангиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюради”. (Анъом сураси, 153 – ояти).

        Абу Зарр (р.а) Пайғамбаримиз (с.а.в) дан: “Ким жамоатга бир қарич хилоф қилса, Ислом аҳдини бўйнидан ечибди”.

        Увайс Қароний Ҳарам ибн Ҳайёнга васиятида айтадилар: “Жамоатдан ажралишдан сақлан, чунки ўзинг билмаган ҳолда динингдан ажралиб қоласан. Сўнгра қиёмат куни дўзахга кирасан”.

     

     

               “Муҳаммад Розиқбой”

                 масжиди имоми:                              О.Каримов