Тафриқаланишдан сақланинг

  • Тафриқаланишдан сақланинг

     

        Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръон) ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг...” (Оли Имрон сураси 103-ояти) деб – бизни динимиздаги зарур ишга – иттифоқликка буюрган. Мана шу оятда динимизнинг моҳияти биз мусулмонларга аниқ баён қилиб берилди. Демак, Аллоҳ таоло бизни аввало, барчамиз имкон қадар Қуръони карим кўрсатмасига амал қилган ҳолда, бирликда, ҳамжиҳатликда яшаб бормоғимизга, иккинчидан эса, фирқаларга бўлинмасликка буюрди. Биз бу оятдаги “бўлинманг” деган буйруқни Ислом номини ниқоб қилиб олган биронта гуруҳ ёки оқимга кирманглар, деб тушунамиз.Кейинги пайтда Ислом номи билан боғлиқ, асли мусулмонларнинг орасини бузадиган, Қуръон ва ҳадисга бутунлай қарши бўлган фирқалар жуда кўпайди. Модомики, улар: “Биз алоҳида ҳизбмиз, алоҳида бир гуруҳмиз”, дер эканлар, уларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг “фирқаларга бўлинманг”, деган буйруғига қарши чиқиш билан қайси номда бўлмасинлар, Исломга қаршидирлар. Пайғамбаримиз (с.а.в) ўн тўрт аср муқаддам: “Менинг умматим етмиш уч фирқага бўлиниб кетади. Уларнинг ҳаммаси дўзахи бўлади, фақат бир тоифагина жаннати бўлади”, - деганлар.

         Бундан олтмиш йиллар аввал пайдо бўлган, халифалик қуриш даъвоси билан чиққан “Ҳизбут - таҳрир” номли фирқа ҳам ўша етмиш икки адашган фирқалардан бири бўлиб, Исломни бузиш, мусулмонларни бир – бирига қарши қилиб қўйиш учун махсус ўйлаб чиқарилгандир.

        Саҳоба Сафина (р.а) дан Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в): “Халифалик мендан сўнг ўттиз йилдир, кейин подшоҳлик бўлади” – деганлар. Демак Расулуллоҳ (с.а.в) ўзларидан сўнг бўладиган халифалик муддатини қатъий белгилаб бердилар. Ривоятнинг давомида эса саҳоба Сафина (р.а) бу муддат давомида кимлар халифа бўлганликларини айтиб: “Мана, Абу Бакр (р.а) икки йил, Умар (р.а) ўн йил, Усмон (р.а) ўн икки йил ва Али (р.а) олти йил халифа бўлганлар” – деганлар.

        Дарҳақиқат, биз аҳли сунна вал – жамоа бу тўрт чоҳорёрларни Расулуллоҳнинг халифалари, деб эътиқод қиламиз. Улардан кейинги Умавий ва Аббосийлар давлати раҳбарлари эса, гарчи тарихда халифа номи билан аталган бўлсаларда, аслида ҳадисда таъкидланганидек, подшоҳдирлар.

        Аввало, “халифа” сўзининг маъносини яхши билиш лозим. Халифа араб тилида ўринбосар, деган маънони англатади.

        “Ҳизбут - таҳрир” нинг даъватларига яхшилаб назар ташланса, Исломга ёт нарсалар эканлиги маълум бўлади. Улар Қуръон ва ҳадисдан далиллар келтирадилар, лекин ўз фойдалари учун, яъни умуман Қуръон ва ҳадис далолат қилмайдиган маъноларда тушунтирмоқчи бўладилар. Улар инсонларни яхшиликка буюраётганлари ҳам, ёмонликдан қайтараётганлари ҳам йўқ, балки мусулмонлар ўртасига фитна ва адоват солмоқдалар. Ачинарли томони шундаки, ҳизбчилар ўз мақсадларини амалга ошириш йўлида ёшлар ва аёлларимиздан қурол сифатида фойдаланмоқдалар.

     

     

               “Муҳаммад Розиқбой”

                 масжиди имоми:                             О.Каримов