Закот кимларга берилади

  • Закот кимларга берилади

     

        Закот Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир.

        Закот Мадинаи мунавварада иккинчи ҳижрий санада Рамазондан олдин фарз қилинган.

        Закот Қуръони каримда ўттиздан ортиқ жойда зикри келган бўлиб, шундан йигирма етти жойда намоз билан бирга зикр этилган. Бу эса ўз навбатида, намоз билан закот бир – бирига чамбарчас боғлиқ нарсалар эканлигини кўрсатади.

        Закот Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг суннатлари ила фарз бўлган.

        Мусулмонлар жамики асрларда ва ўлкаларда закотнинг фарзлигига ижмоъ қилганлар, яъни бир овоздан “закот фарз”, деб айтганлар.

        “Закот” сўзи луғатда “поклик” ва “ўсиш” деган маъноларни англатади.

        Закот берган кишининг моли покланади. Закот бермаган кишининг моли эса ичида закотга ҳақдорларнинг моли ҳам аралашган мол сифатида нопок бўлиб туради. Қачон закотини берса, покланади, бўлмаса йўқ.

         Закот берилган молга барака киради, кўпайиб, ўсади ва шундагина бундай мол ўзида ўсиш маъносини акс эттирган бўлади.

        Шаръий истилоҳда: “Закот махсус молдан махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилингандек мулк қилиб беришдир”.

        Закот олувчи кишилар ҳақида Аллоҳ таоло ўз каломида: “Албатта, садақалар Аллоҳ томонидан фарз ўлароқ фақирларга, мискинларга, унда (закот ишида) ишлайдиганларга, қалблари улфат қилинадиганларга, қуллар (ни озод қилиш) га, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлида ва йўқсил йўлчигагинадир. Аллоҳ ўта билувчи ва ўта ҳикматли зотдир”, деган (Тавба сураси, 60 – ояти).

        “Бир киши Набий (с.а.в) дан садақадан (улушни) сўраб келди. Бас, у зот (с.а.в): “Албатта, Аллоҳ садақаларда Набийнинг ва бошқанинг ҳукмига рози бўлмади. Ҳаттоки у (закот) ҳақида Унинг Ўзи ҳукм қилди. Уни саккиз жузга бўлди. Агар сен ўша жузлардан бўлсанг, ҳақингни берамиз”, дедилар”. (Абу Довуд ривоят қилган).

        “Агар сен ўша жузлардан бўлсанг”, дегани “Агар Аллоҳ зикр қилган саккиз жузда бўлмасанг, бермаймиз”, деганидир. Демак закотни жойини топиб, эгаларигагина бериш лозим.

                              (манбалар асосида тайёрланди).

     

     

     

               “Муҳаммад Розиқбой”

                 масжиди имоми:                             О. Каримов