Лайлатул қадр кечаси

  •                 Лайлатул қадр кечаси

     

        Аллоҳ таоло ўз каломи қуръони каримда: “Албатта, Биз у (Қуръон) ни Қадр кечасида туширдик. Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшидир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом (тинчлик) дир”, деган. (Қадр сураси, 1-5-оятлари).

        Бу муборак кеча икки хил маънода “қадр” деб аталади. Биринчиси – “қадр”, яъни қадри улуғ, иккинчиси – “қадар”, яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир.

        Пайғамбаримиз (с.а.в) дан ривоят қилинади: “У зотга ўзларидан аввалги одамларнинг умрлари ёки шундан Аллоҳ ҳоҳлаганича кўрсатилди. У зотга умматларининг умри улардан бошқалар умрлари узунлиги ила етган нарсага амал билан ета олмайдиган (даражада) қисқа кўринди. Аллоҳ таоло у зотга минг ойдан яхши бўлган Лайлатул Қадрни ато этди”. (Имом Молик ривоят қилган).

        Оиша (р.а) дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в) қачон (охирги) ўнлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳлларини уйғотар эдилар”. (Бешовлари ривоят қилганлар).

        Термизийнинг лафзида: “Охирги ўнликда ундан бошқада қилмаган ижтиҳодни қилар эдилар”, дейилган.

        Оиша (р.а) дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в) Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирар эдилар ва: “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар”, дер эдилар”. (Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар).

        Оиша (р.а) дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в): “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн (кечаси) нинг тоқ (кеча) ларида изланглар”, дедилар”. (Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар).

        Ибни Аббос (р.а) дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в): “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн (кечаси) да изланглар: тўққиз (кеча) қолганида, етти (кеча) қолганида, беш (кеча) қолганида, дедилар”. (Учовлари ривоят қилганлар).

        Муовия ибн Абу Суфён (р.а) дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в): “Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечадир”, дедилар”. (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар).

        Рамазони шарифнинг йигирма еттинчи кечасида бедор бўлиб, аҳли аёлини ҳам, ёру дўстларни ҳам ибодатга чорлаб туриш лозим.

        Аллоҳ таоло шу кечанинг баракотидан барчаларимизга минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан ҳам кўпроқ мукофат берсин.

     

     

               “Муҳаммад Розиқбой”

                 масжиди имоми:                               О. Каримов