Рамазон ойи рўзаси ҳақида

  •                    Рамазон ойи рўзаси ҳақида

     

        Рўза араб тилида “сиём” дейилади, луғатда ўзини бир нарсадан тийишни билдиради. Шариат истилоҳида эса “тонг отгандан то қуёш ботгунича ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқликдир”. “Рўзани очувчи нарсалар” деганда ейиш, ичиш, жинсий яқинлик қилиш ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалар тушунилади.

        Рамазон ойи рўзасини тутиш иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган бўлиб, бу ибодатнинг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Жумладан:

    1. Рўза тутган кишининг тоқводорлиги зиёда бўлади.

         Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги оятнинг охирида: “Шоядки, тақво қилсангиз”, деган. Аллоҳ таолонинг “Шоядки” дегани “Албатта, албатта” маъносидадир.

    1. Рўзанинг энг зўр ҳикматларидан бири шуки, у туфайли              рўзадор ўз соғлигини тиклаб олади.

        Худосизлар рўзани соғлик учун кони зарар, деб эълон қилиб, одамларни мажбурлаб, рўзаларини очдиришга ҳаракат қилган пайтлари ҳам бўлди. Энди эса рўза тутиш айнан соғлиқ учун ниҳоятда фойдали эканлиги ҳақида ҳамма бир овоздан гапирмоқда. Мутахассислар ихтиёрий оч қолиш ҳақида кўп ва хўп гапирмоқдалар. Рўза ана шу ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши ва самарали намунасидир.

    1. Рўзанинг фойдаларидан навбатдагиси ҳавои нафсни синдиришдир.
    2. Рўзанинг фойдаларидан яна бири Шайтонга қаҳр кўрсатишдир.
    3. Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг қалби мусаффо бўлишидир.
    4. Рўза тутган кишининг гуноҳлари тутган рўзаси сабабли мағфират қилинади.
    5.  Рўза тутган киши ўз рўзаси туфайли фаришталар сифати ила сифатланади.
    6. Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг сабр – бардошли киши сифатига эга бўлишидир.
    7. Рўза рўзадорда раҳм–шафқат сифатини шакллантириб, мустаҳкамлайди.

        Аллоҳ таоло ўз каломида: “Эй иймон келтирганлар, сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз”, деган (Бақара сураси, 183-184-оятлари).

        Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят: “Набий (с.а.в): “Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар”.

        Бешовлари ривоят қилганлар. Аҳмад: “Ва кейингилари ҳам” ни зиёда қилган.

        Аллоҳ таоло барчаларимизга Рамазон ойини муборакли ва барокатли қилсин.

                    (манбалар асосида таёрланди)

     

     

           “Муҳаммад Розиқбой”

             масжиди имоми:                           О. Каримов