Рўзадор киши тилини тийиши лозим

  •         Рўзадор киши тилини тийиши лозим

     

        Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в): “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дедилар”.

        (Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган).

        Ислом дини ва таълимоти бўйича мусулмон инсон тилини доимо ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Рўзадор мусулмон учун эса бу таъкид яна ҳам кучли бўлади. Уламоларимиз: “Ушбу ҳадисдаги “Ёлғон гапириш” га ғийбатчилик, чақимчилик, иғво ва бўҳтонлар ҳам киради”, дейдилар. Шунингдек, “Унга амал қилиш деганда Аллоҳ таолонинг ва унинг Расулининг норозилигига сабаб бўладиган ҳар бир ишни қилиш тушунилади”, дейдилар.

        Демак, рўза тутган одам ўзини нафақат таом ва шаробдан, балки номаъқул гап – сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Зотан, ўзини таом ва шаробдан тийиб туриб, ёлғон, иғво, чақимчилик, ғийбат, бўҳтон сўзларни гапираверишдан, ношаръий ишларни қилаверишдан нима фойда бор? Ёки унинг оч қолишига, чанқашига Аллоҳнинг эҳтиёжи борми?

        Афсуски, ҳаётимизда ушбу ҳақиқатни унутиб қўямиз. Ичимизда рўзани тутиб олиб, кун бўйи беҳуда гап – сўзлар, ишлар билан машғул бўладиганлар жуда кўп. Ҳатто орамизда мусулмонларнинг устидан ғийбат, чақимчилик, бўҳтон қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Ҳеч биримиз ёлғон сўз ва унга амал қилиш рўзанинг савобини бутунлай кетказишини унутмаслигимиз лозим.

        Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (с.а.в): “Қачон бирортангиз рўзадор ҳолида бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, дедилар”.

        (Бешовларидан ривоят қилинган).

        Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (с.а.в): “Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлган борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас”, дедилар”.

    (Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар).

        Баъзи бир кишилар рўзани тутиб олиб, тилини тиймай, ёлғон гапирадилар, иғво, бўҳтон, ғийбат қиладилар, турли ёмон ишлардан ўзларини тиймайдилар. Бундай кишилар рўзанинг фойдасидан, савобидан маҳрум бўладилар. Уларга рўза тутишдан фақат оч қолганлиги қолади, холос.

        Шунинг учун ким рўзадан тўла манфаат олмоқчи, савобига тўлиқ эришмоқчи бўлса,ўзини таом ва шаробдан ташқари беҳуда,бўлмағур гап – сўз ва амаллардан тиймағи лозим.

        (манбалар асосида тайёрланди).

     

     

               “Муҳаммад Розиқбой”

                 масжиди имоми:                                О.Каримов