Qiz bolani ho`rlayvermang!

  •          Ўғлим йўқ, деб
        нолиганлар хато қилур,
          Қиз ҳар жойда отасини
                дуо қилур.
    * * *
    Ҳамшира чопа-чопа ҳаллослаб Бўроннинг олдига келди.
    — Суюнчи, суюнчи беринг, хотинингизнинг кўзи ёриди.
    — Нима, ўғилми?! Ўғил денг! — оғзининг таноби қочганча эшикка яқинлашди Бўрон.
    — Вой, тўхтанг, жойингизда туринг, — дея унинг йўлини тўсди ҳамшира. — Бу ер нима сизга, томошалар залими, бақирманг.
    — Айтинг унда, ўғил денг, шуни айтиш шунчалик қийинми?
    — Қиз, суқсурдеккина қиз, ака.
    Ҳамширанинг бошқа гаплари Бўроннинг қулоғига кирмади. Сўппайганча йўлакдаги ўриндиққа ўтириб қолди. Қўлидаги гулдаста ҳам тап этиб ерга тушди-ю, боягина дунёнинг етти рангини ўзида жо қилиб, бор олам чиройини кўз-кўзлаётган гуллар бир зумда чанг, қадрсиз ва энг кўримсиз буюмга айланди.
    «Бешинчиси ҳам қиз экан-да? Кўнгли кетганми бу хотиннинг?» Бўроннинг хаёлини ҳамширанинг овози бузди.
    — Шошмай туринг, ҳозир яна бир марта, балки, эгизакларингизнинг иккинчиси ўғил бўлар…
    Бўрон ялт этиб ҳамширага қаради — эгизак. Юраги бетламаганди. Хотини бир неча марта оғиз солганида, «Керакмас, барибир, адашади дўхтирларинг, ҳеч ким Худо эмас, — деганди Бўрон. — Қолаверса, сен ўғил экан, деб тайёргарлик кўриб юрсанг-у, қиз бўлса, куйиб қоласанми?»
    Аслида, булар баҳона эди. Бўрон қўрққанди. Ўша темир қути тағин «қиз экан», дейишидан ҳайиқаётганди. Бу ҳақиқатни эшитишга юраги дов берадими, йўқми, шундан хавфсираганди. Шу бўлиб ҳомила текширтирилмаганди. Энди бўлса, мана, эгизак экан.
    Бўроннинг ичида тағин умид милт этди. Юрагини ҳовучлаганча ҳамширанинг қайтиб чиқишини кута бошлади. Кўзлари тўрт бўлиб, тўртталаси ҳам эшикка қадалганди. Ниҳоят, юзида майин табассум билан бояги ҳамшира чиқди.
    — Нима, нима экан?! — ҳам қўрқув, ҳам ҳаяжон билан бақирди Бўрон.
    * * *
    — Ўн саккиз яшар қиз бўлсам ҳам майли эди, у-бу кимга кўз сузиб, тегиб кетардим, икки болали бўлсам ҳам майли эди, бирорта тул ё хотини ўлган чиқиб қоларди, — йиғламсиради Бибисора эрига. — Аммо олти болам билан қаерга бораман, дадаси.
    Бўрон жавоб бермади.
    — Эл-юрт нима дейди? Сизга ҳам қийин бўлади, ҳали…
    Бўрон жавоб бермади.
    — Ақалли фарзандларингизнинг уволидан қўрқинг.
    Аммо қўрқмади Бўрон. Ўзи қўчқордек, азаматгина ўғил туғиб бермоқчи бўлаётган Дилоромнинг ўйи билан банд эди у.
    Бибисора болаларини олиб кўчага чиқди. Бу гал одатдагидек эмасди. Бирини мактабга, бирини боғчага эмас, буви-бувасиникига, келмайдиган бўлиб кетишди. Олтита қизнинг иккитасини кўтариб олди, иккитаси этагини ушлаган бўлса, қолган иккитаси бир-бирининг қўлларидан тутганча орқасига, ҳовлиларига қарай-қарай автобус бекати томон одимлашди. Аммо мўлтираб қарашлардан наф бўлмади. Бўрон чиқиб келмади уйдан…
    * * *
    Бибисора ҳақ бўлиб чиқди. Ишхонасидаги Дилоромни никоҳлатиб ҳовлисига олиб келгандан бери, уйидан файз кетди. Дастлаб буни ўзи сезмади. Аммо кейин эътибор қила бошлади. Тўю тантана тугул, чойхоналарга ҳам бирда-бир айтиб қолишмаса, деярли ўзига қўшмади уни маҳалла-кўй. Аммо хотини…
    Дарҳақиқат, хотини унга қўчқордек, худди ўзи айтгандай азаматгина ўғил туғиб берди. Исми ҳам Азамат бўлди. Бўронбой хотинини туғруқхонадан қоп-қора, ҳашаматли машинада олиб чиқди. Аммо ойнинг қоронғу ўн беши кейин бошланди.
    Бўроннинг ҳаёти эртаклардаги бойларга ўхшаб қолди. Яккаю ягона ўғли бор, мол-дунёси етарли, аммо хотини нафсга берилган, давлатга кўзи оч, бунинг устига эрини нуқул ношудликда айблаб, ҳаётдан нолигани-нолиган эди. Устига-устак, боласини ҳам худди ўзидек тарбия қилди.
    Бўладиган бола бошидан маълум дейишарди. Бўлмайдигани ҳам маълум бўларкан. Азамат фақат гапда азамат экан. Туғдириб қўйган олтита боласини, зурриёдларини ташлаб кетган отанинг тарбиясини олган ўғил нимаям бўларди, деяётганди маҳалла-кўй. Азамат отасининг эмас, онасининг тарбиясини олди. Баттар бўлди. Болалигидан кўп ёлғон гапирадиган, қўли ҳам сал эгрироқ чиқди. Тўғри, бирор жойда ўғирлик қилгани йўқ, аммо нуқул уйидан қимматбаҳо нарсаларни, жуда бўлмаса отасининг, онасининг чўнтагидаги пуллардан ўғирлайдиган бўлди. Уйда ўғирлик қиладими, кўчадами, нима фарқи бор? Ҳаммасига ота-онасининг ўзи сабабчи эди. Ахир ҳеч ким онасидан каззоб бўлиб туғилмайди-ку. Шароит шундай тарбия қилади. Бўрон уни йигирма йил деганда етган яккаю ягона ўғлим, деса, Дилором азбаройи калтафаҳмлигидан ялаб-юлқарди. Ўзи берса, бермаганида тортиб олсанг, индамаса, кимга ёқмайди? Айниқса, қайси томонга буксанг, эгилиб кетаверадиган ёшда-я?
    Ҳали мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ ичишни, чекишни бошлади. «Бадиий санъат»га иштиёқманд бўлиб қолди. Шунинг учун доим теварагида «капалак»лар эди…
    Балоғатга етганидан сўнг маррасига етиб келди. Учига чиққан каззоб бўлиб улғайди Азамат деганлари…
    * * *
    Бибисора ота уйига қайтиб келди. Унга ҳеч ким юрак ютиб одам қўймади. Ҳатто хотин қўйган, хотини ўлганлардан ҳам ҳеч ким сўраб келмади. Укасининг юраги катта экан.
    — Ўғил болалар бўлса, майли эди, дийдаси қотса ҳам кўчанинг тарбияси билан яшаб кетаверарди, аммо буларнинг ҳаммаси қиз бўлса. Худо билади ўгай ота қандай муносабатда бўлади. Маҳаллага чиқинг, ҳокимиятга боринг, ёрдам сўранг. Иш билан, моддий ёрдам билан таъминлайди. Қолганига, мана, мен турибман, — деди бир куни опасининг олдига кириб. — Уйдан эса сира хавотир олманг, мана бу ҳовлининг шароитларини яшаса бўладиган қилиб қўйганман, бемалол яшайверинглар. Мен ёнингиздаман.
    Бибисора укасининг айтганларини муҳокама қилди. Ўғлига атаб кўтараётган иморатини айтаётган эди. Ийманди, ўйланиб қолди. Иккиланди. Ахийри укасига дилидагини айтди:
    — Ахир келиним оғриниши мумкин-да, укажон, ҳовлига ўғлинг учун келин тушириш…
    — Эй, опа, — қўлини силкитди укаси, — ўғлим катта бўлиб, келин туширгунча, ҳали ҳамма қизингизни узатамиз, насиб бўлса. Сиз хавотир олманг, жиян келинингиз қизларингизни узатгандан сўнг келиб, хизматингизни қилиб юради-да. Ўзим узатаман қизларингизни. Куёвларниям ўзим топаман сайлаб-сайлаб.
    Укаси бошқа гапни эшитишни хоҳламади. Опасини янги қураётган ҳовлисига қўйди. Бибисора эртасиданоқ ҳаракатини бошлади. Оқсоқоллар кенгаши йиғилиб, чора кўришди. Бибисора ёлғизланиб қолмади. Боғни супуриб, университетни ювиб топган пули билан олтита қизини катта қилди.
    * * *
    Миролим опасига берган ваъдасида турди. Тўғри, ўғлимни уйлантириб, шу ҳовлига тушираман, келинингиз хизматингизни қилиб юраверади, деганининг устидан чиқолмади, аммо жиянларининг барини ўзи бош-қош бўлиб, ўзи узатди. Куёвларни ҳам чертиб-чертиб танлади. Биттасини узатди, иккинчисини узатди, учунчисини…
    Ҳовлида тўйлар кўп бўлди. Тўйлар тўйларга уланди. Ҳали энди узатганингдан қутулдим деганингда, олдингиси набирали бўлдингиз, деб қоладиган бўлди. Элу юртга кўп ош берилди. Набиралар туғилди. Набиралар ҳовлига сиғмай ҳам қолди. Ҳамма тўйда Миролим бел боғлаб, ўзи хизматда турди. Фақат ўзининг ўғли Ўлмасжоннинг тўйини кўрмай кетди. Ошқозони касал эди. Саратон экан. Буткул олиб ташлашди. Бироқ ошқозонсиз бор-йўғи тўрт ойгина яшади-ю, Ўлмасжонни Бибисорага, омонатини Эгасига топширди.
    * * *
    — Бўронбой ўсал бўлиб қолибди.
    — Бўронбой оғирлашибди.
    Қишлоқ аҳлининг кўпи уни кўргани, ҳол сўргани кирса, кўпи томошага борди. Уларнинг кўзларидаги иддаоларини кўриб, эзилиб кетарди Бўрон. Уйида кўрмаган меҳрни қўни-қўшнилардан кўриб эзиларди Бўрон. Уйдаги муҳит эса умуман бошқача.
    Ўғли ярим соат ялиниб-ёлворишлардан сўнггина тўшакда инқиллаб ётган отасини кўргани кирар ва бир коса шўрвага қотган нонни ивитишни бошласа, ошхонадан Дилором бақириб қолади:
    — Кўп тўғрама, ўзи бир бурда ейдими, йўқми, увол қилади.
    Орадан йиллар ўтди.
    Бўрон ака ҳайҳотдай ҳовлида сўппайиб бир ўзи яшаётгандек эди. Соғлиғи ҳам ёмонлашди. Аммо ёмонлашгани сари ундан ижирғана бошлашди. Хотини учун ношуд, мижғовга, ўғли учун майдагап, эзмага айланди. Бир сўз билан айтганда, ўз уйида ортиқча буюм бўлиб қолганди. Тириклар сафида ҳам, ўликлар сафида ҳам йўқдек гўё.
    Ҳолбуки, бу азоблари ҳам ҳали ҳаммаси эмас экан. Суннат қилинган боланинг пешонасида липиллаб турган дўппига ўхшаш миттигина қишлоқда гап турармиди. Елдек югурди-да ўзиям. Айниқса, ёмон хабар тез тарқайди, дейишади-ку. Уч кунда Бўронбойнинг ўғирлик қилганлиги овоза бўлиб кетди.
    — Бўронбой Сафар бизнеснинг уйида ўғирлик қилибди.
    — Бўронбойга нима кераги бор экан бунинг?
    — Бу ерда бир гап бор, шунга куни қолибдими энди…
    Ит бўлсин, эшак бўлсин, барибир, пуштикамаридан бўлган-да, боласини аяди Бўронбой. Ўғирликни бўйнига олди. Ҳали терговдалигидаёқ айбни бўйнига олиб, судга оширмаслигини, эл-у юрт олдида шарманда қилмаслигини сўраб ялинди. Аммо терговчи йигит ақлли экан. «Айбдор»нинг ўйнаб турган кўзлари, ўлда-жўлда гапларидан шубҳаланди. Ишни исботи билан якунлаш учун маҳаллага от сурди. Томоша шундан кейин бошланди.
    * * *
    Дилором: «Ўз ўғлингни қаматдингми, асраб қолмадингми?» деб таъна ҳам қилди. Уч йилга «кесилиб» кетган ўғлининг аламига эрини ташлаб кетди… Йўқ, кетди, десак ўхшамайди. Чунки Бўронбой кетди. Кетишга мажбур бўлди. Ўзининг номига ўтказиб олган уйдан эрини ҳайдаб солди Дилором. Ҳеч ким ҳеч нарса қилолмади, ҳеч ким нарса дея олмади. Бир ётса, узоқ ётиб қоладиган, бир йўталса, узоқ йўталадиган, касалманд Бўронбой қариялар уйидан қўним топмоқчи эди-ю, аммо қулоғига етиб келган миш-мишлар унинг нафсониятига тегиб, курашга ундади.
    — Дилором уйига хушторини олиб келибди.
    Унга тергов пайти адвокатлик қилган йигитни ёллади Бўрон ака. Адвокат йигит яна бир бор қандай ҳимоячи эканини кўрсатиб қўйди. Адолат қандай қарор топишини кўрсатиб қўйди. Бу ҳам етмагандек, уни шаҳарнинг манаман деган санаториясига олиб борди даволатиш учун. Ҳали терговчи йигитни, ҳали адвокатни оғзидан бол томиб мақтаб юрарди Бўрон ака. Кейинчалик уларнинг сафига ўзига худди отасига қарагандек қараётган, меҳрибон, бағрикенг шифокор йигит ҳам қўшилди.
    * * *
    Кейинчалик ҳаммаси маълум бўлди. Кўнглига тугиб қўйган, ният қилиб қўйган Бўронбой уларнинг барига миннатдорчилик билдирмоқчи бўлди. Шу боисдан терговчи, шифокор ва адвокат йигитларни сўраб-суриштирди. Бироқ ҳақиқатни билгач…
    Унинг оғир кунларида мадад бўлган, ёмон аҳволида ёнида туриб, қўлларидан келган ҳамма нарсани қилган ўша йигитлар бир пайтлари хотинига қўшиб уйидан ҳайдаб солган олтита қизидан учтасининг эри, ўзининг куёвлари бўлиб чиқди…