Аёл муҳаббати ҳар нега қодир

  • Бир доно аёлга ҳаётда тажрибаси йўқ аёл ҳасрат ва алам билан мурожаат қилди.

    — Опажон, мен турмуш ўртоғим билан ажрашмоқчиман. Мен ундан ўч олмоқчиман. Унга шундай азоб берайки, у қийналсин, аламидан фарёди кўкка етсин. Нима қилсам, у азобда қолади?

    Шунда доно аёл ёш жувонга шундай маслаҳат берди:

    — Сиз хожангизга гўёки уни ўта севиб қолган аёл ролини ўйнанг. Ҳаммаси шундай табиий бўлсинки, натижада у сиз кўрсатаётган меҳр-муҳаббатдан ҳеч қаёққа қоча олмай, сизни севиб қолсин. Сиз шундай ҳаракат қилингки, ўзингизни телбаларча севдиринг. У сизни севиб қолгандан сўнг эса, марҳамат, уни ташлаб кетаверинг. Ана у азоб дунёдаги энг олий жазо бўлади!

    Бу маслаҳат аёлга маъқул тушиб, дебди:

    — Агар маслаҳатингиз натижа бермаса-чи?

    Доно аёл:

    — Албатта, натижа беради. Менга ишонинг, — дебди табассум билан.

    Аёл уйига жўнаб кетибди. Ўша кунданоқ доно аёл айтган ҳар бир сўзга амал қила бошлабди. Орадан бир йилча вақт ўтиб, кўчада ушбу аёл доно аёл билан беҳос учрашиб қолибди. Доно аёл сўрабди:

    — Нима бўлди? Хожангиз билан ажрашмоқчи эдингиз…

    Шунда аёл жавоб берибди:

    — Мен ажрашарканманми? Мен-а?! Ҳаётимдан кечсам кечаманки, ҳаётим мазмуни бўлган хожамдан ўлгунимча ажралмайман. Менга уларсиз, уларга менсиз ҳаёт йўқ!