Хаёнинг мохияти нима?

  • “Ҳаё” сўзи луғатда “уялиш”, “тортиниш” каби маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда, ношаръий хатти-ҳаракат ва сўзлардан узоқ бўлишга ундовчи, ҳақдорнинг ҳақини камайтиришга йўл қўймайдиган хулқ ҳаёдир. Ҳаё ҳар бир инсонга хос хусусият, ундаги шахсий ғариза саналади. Динимиз Исломда ҳаёга имоннинг бир бўлаги сифатида қаралади. Имон ва ҳаё бир-бирига жуда яқин экани таъкидланади. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الإِيمَانُ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنْ الإِيمَانِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Имон олтмиш нечтадир қисмдан иборат. Ҳаё имоннинг бир бўлагидир” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти). Имон олтмишдан ортиқ қисмдан иборат бўлса, ҳаё ана ўша қисмлардан биридир. Банданинг имони комил бўлиши учун ҳаёли бўлиши, солиҳ амалларга рағбат билдириб, гуноҳ ишлардан четлашиши лозим саналади. عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْحَيَاءُ وَالإِيْمَانُ قُرِنَا جَمِيعًا فَإِذَا رُفِعَ أَحَدُهُمَا رُفِعَ الآخَرُ. رَوَاهُ الْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ҳаё ва имон бир-бирига бирлаштирилган. Агар улардан бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади” (Ҳоким, Байҳақий ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Ҳаё ҳар бир инсон табиатига хос нарса бўлса ҳам имондан бир бўлак қилинишига сабаб, инсондаги бу ғариза шариатга мувофиқ бўлиши, илм ва ният билан бу хислат мақталган хусусиятга айлантирилиши керак. Акс ҳолда инсон билиб-билмай яхши амаллардан ҳаё қилиб, хайр-баракадан қуруқ қолиши ҳеч гап эмас. عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْحَيَاءُ لَا يَأْتِي إِلا بِخَيْرٍ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ҳаё фақат яхшилик келтиради” (Бухорий, Муслим ва Аҳмад ривояти). Ҳаё банда билан гуноҳ ишлар ўртасида тўсиқ бўлади. Ҳаё маломатга олиб борувчи ишлардан сақлайди. Мана шундагина ҳаё мақталган сифатга айланади. Бу эса фақат яхшилик келтиради. Зеро, Аллоҳ буюрган ишларни қилган ва У Зот қайтарган амаллардан тийилган банда фақат яхшилик қозонади. Бир бандага ёмонлик қилинса, унинг ҳаёси ёмонликни ёмонлик билан қайтаришдан тўсади ва у ўша ёмонликка яхшилик билан жавоб беради. Бошқа бир банданинг ҳаёси уни ҳақиқий муҳтож одамни кўра туриб, бирон ёрдам бермасдан индамай ўтиб кетишига йўл қўймайди. Бу билан моли зиёда бўлишини таъминлаган, бошига ёғилиши мумкин бало-офатларни даф қилган бўлади. Шуни ҳам унутмаслик керак, шариат бандаларни ҳаёга тарғиб қилган, деб ҳақини ҳимоя қилолмай ожиз қолиш, гуноҳ содир этилганда амру маъруф ва наҳий мункар қилишга ўзида куч топа олмаслик ҳаё эмас, қўрқоқликдир. Ҳаёли киши вақти келса, ҳаром ишлардан тийилади, шароит тақозо қилганида ғайрат кўрсатади, жасоратини намойиш этади. عَنْ أَنَسٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ لِكُلِّ دِينٍ خُلُقًا وَخُلُقُ الإِسْلامِ الْحَيَاءُ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَمَالِكٌ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ҳар бир диннинг ўз хулқи бўлади. Исломнинг хулқи ҳаёдир” (Ибн Можа, Молик, Байҳақий ва Табароний ривояти). Ҳаё Ислом дини хулқидир. Бу мўмин банданинг хусусиятидир. Имон ва ҳаё бирга бўлади. Кимда ҳаё бўлса, унда имон бўлади. Кимда имон бўлса, унда, албатта ҳаё бўлади. Қуйидаги ривоятни ўқиш орқали ҳаёнинг моҳиятини янада теранроқ англаб етамиз. عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: اسْتَحْيُوا مِنْ اللهِ حَقَّ الْحَيَاءِ قَالَ: قُلْنَا يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّا نَسْتَحْيِي وَالْحَمْدُ للهِ قَالَ: لَيْسَ ذَاكَ وَلَكِنَّ الاسْتِحْيَاءَ مِنْ اللهِ حَقَّ الْحَيَاءِ أَنْ تَحْفَظَ الرَّأْسَ وَمَا وَعَى وَالْبَطْنَ وَمَا حَوَى وَلْتَذْكُرْ الْمَوْتَ وَالْبِلَى وَمَنْ أَرَادَ الآخِرَةَ تَرَكَ زِينَةَ الدُّنْيَا فَمَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدْ اسْتَحْيَا مِنْ اللهِ حَقَّ الْحَيَاءِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар!” дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, биз ҳаё қиламиз, алҳамдулиллаҳ”, дедик. У зот: “Ундай эмас. Лекин Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш бош ва ундаги нарсаларни, қорин ва унга кирувчи нарсаларни (ҳаромдан) сақлаш, ўлим ва (қабрда)чиришни эслашдир. Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк этади. Ким шундай қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилибди”, дедилар” (Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривояти. Ривоят санади ҳасан). Хуллас, шариатда “ҳаё” дейилганда, фақат “уялиш”, “тортиниш” маъноларини ирода қилинмайди. Балки шаръий истилоҳдаги ҳаё Аллоҳ буюрган амалларни бажариб, ҳаром ишлардан тийилиш, дунё ўткинчилигини ёдда тутиб, охират учун ҳаракат қилишдир.