“ОММАВИЙ МАДАНИЯТ” САЛБИЙ ИЛЛАТЛАРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МАСАЛАЛАРИ

  • Табиийки, «оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди . Ислом КАРИМОВ Эътибор беринг, юқоридаги фикрда “оммавий маданият” ниқоби остида дейилмоқда. Яъни айнан оммавий маданият эмас, балки унинг ниқоби остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғоялари тарқатилмоқда. Бундан англашиладики, биз унинг кириб келиб, таҳдид солганини сезмай қолишимиз мумкин. Сабаби унинг юзи, кўзи, кўриниши, сўзлаши бизга дўстдек кўринади. У ана шундай гўзал ниқоб остида кириб келади. Дўстдек, меҳрибон, мурувватли кўмакдошдек кўриниб туриб, юрагимизга пичоқ санчиб кетганини, кўзимизга кулиб қараб туриб ўлдириб қўйганини сезмай қоламиз. Шу жиҳатдан оммавий маданиятнинг ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатишга, маънавиятимизга – келажагимизга таҳдид солишга қаратилган шаклларини аниқлаб, ана шуларга қарши курашмоғимиз керак бўлади. Бугун ёшларимиз ўзига хос “тушунчалар уруши” шароитида яшамоқдалар. “Оммавий маданият” ота-боболаримиз “қора” деган нарсаларни “оқ”, “оқ” деган нарсаларини “қора” деб уқтирмоқда. У қора юзига оқ ниқоб тақиб олиб, қора ниятларини амалга оширмоқда. Оммавий маданиятнинг пайдо бўлиши ва ривожлана бошлаши XIX аср охири ва XX аср бошларига тўғри келади. “Оммавий маданият” анъанавий маданиятнинг маълум йўналиши сифатида эмас, балки маданиятдаги сифат ўзгариши, ҳаёт тақозаси асосида юз берди. Оммавий ахборот ва коммуникация (радио, кино, телевидение, кўп нусхали газеталар, суратли журналлар, интернет) воситаларининг кескин ривожи ва тарқатилиши бунга сабаб бўлди. Маънавий бойликларни индустриал тижорат ишлаб чиқариш ва тарқатиш, маданиятни демократлаштириш, аҳоли билим даражаси ўсиши билан бирга унинг маънавий эҳтиёжларида пасайиш жараёни кузатила бошлади. Анъанавий маданиятда бўлганидек, оммавий маданиятнинг ҳам универсал характеристикаси ҳамон мавжуд эмас. Буни шундай тушунтириш мумкин. Гап шундаки, “Оммавий маданият” илмий-фалсафий категория сифатида ўзига якдил учта тушунчани қамрайди. Биринчидан, “маданият” – алоҳида характердаги маҳсулот. Иккинчидан, “оммавийлик” – маҳсулотни тарқатиш меъёри. Учинчидан, “маданият” – маънавий бойлик. XIX асрнинг биринчи ярмида дунё мамлакатларида ҳам аҳоли сони кўпая бршлади, ҳам ана шу аҳолини боқиш учун капитални кўпайтириш иштиёқи туғилди. Бу иштиёқни қондириш учун турли-туман ихтиролар қилиш авж олди. Умуман, XIX асрда жуда кўп нарсалар ихтиро қилинди. Ихтиро қилинган ҳар қандай нарса (восита) қўл меҳнатини сиқиб чиқариш ва тезкор бойлик орттиришга қаратилган эди. Илгари қўл меҳнати орқали бир кунда 10та маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, бу даврга келиб, соатига 10тадан маҳсулот ишлаб чиқарила бошлаган. Натижада керагидан ортиқ маҳсулотлар миқдори кўпайди. Йирик-йирик давлатларда ана шу ортиқча молни қандай қилиб бўлмасин, кимгадир сотиш муаммоси пайдо бўлди. Ўша даврдаги ривожланган давлатларда шундоқ ҳам барча маҳсулот етарли бўлган. Шунинг учун ортиқча маҳсулотни кичик давлатларга сотишни йўлга қўйиш лозим эди. Хўш, буни қандай амалга оширилди? Бунинг учун ўша майда давлатларни босиб олиш, босиб олинган ҳудуд аҳолисига ортиқча маҳсулотни сотиш, ўша ҳудуддаги бойликларни олиб чиқиб кетиш керак, деган ечим топилди. Шу орқали ҳар томонлама бойликка эга бўлиш ва дунёни бошқариш кўзланди. Босиб олишга-ку босиб олинди, аммо улар мустамлакачи давлатнинг маҳсулотларини қабул қилишмади. Ўз маданиятларидан воз кечишни хоҳлашмади. Шу вазиятда оммавий маданият аталмиш тушунча яратилди. Ана шу тушунча орқали мустамлакалардаги, умуман жаҳондаги барча халқларнинг ўз маданиятидан жудо қилиб, уларга сохта янги маданият – оммавий маданиятни сингдириш ўйлаб топилди. Манипуляция билан кичик-кичик халқларни маданий бўйсундиришга киришилди. Масалан, бир мамлакатда аҳоли ароқ ичмайди. Манипулятор ўша халққа ароқ ичиш маданият эканлигини сингдиради ва аввал ароқни текин тарқатиб, кейинчалик сотиб, халқни ароқ ичишга ўргатади. Ароқ эса манипулятор томонидан ишлаб чиқарилади, холос. Ароқ ичишни одат қилган, уни йўқотишдан қўрққан “маданиятли” халқ ароқ ишлаб чиқараётган давлатни йўқотгиси келмайди. Қарабсизки, ўз-ўзидан бу халқ манипуляторга ўзи билмаган ҳолда бўйсунишга мажбур бўлади. Ўзлигини йўқотиб, ўзгаларнинг ноғорасига ўйнай бошлайди. Хуллас, оммавий маданият одатда киборлар ёки халқ маданият қадриятларига нисбатан камроқ бадиий қадрга эга ва у оммавий истеъмолга мўлжаллаб маданий қадриятларни ишлаб чиқишни ифодалайди ҳамда у индустриал жамиятларга хосдир. Оммавий маданият барча одамларга қаратилган бўлиб, муттасил равишда кундалик ҳаёт учун ишлаб чиқилади ва оммавий муомала воситалари фаолиятида ёрқин намоён бўлади. Дарҳақиқат, “оммавий маданият”нинг миллатлар, жумладан, ўзбеклар онги ва қалби учун ҳамлалари анча олдинроқ бошланганга ўхшайди. “Шум бола” фильмини бир эслайлик. Унда бир европалик Тошкентга келиб, ўзбекларнинг бир тангасини олиб, эвазига “ойнаи жаҳони”дан яланғоч аёл суратини кўрсатади. Ўшанда бола “Қўрқаман”, деб кўзини олиб қочади. Ҳозир ўша жанобнинг неваралари боболари касбини давом эттиришаётир. Бу ишни индустрияга айлантиришди. Унинг номини “оммавий маданият”, яъни яхши, ҳаммабоп, ҳаммага тушунарли маданият деб аташди. Юксак маданият юқори дидни, бадиий меҳнатни, тайёргарликни талаб қилади. Афсуски, баъзи театрларимиз учун репертуар сиёсатини белгилашда одамлар дидини юқорига, юксакка кўтариш йўлини эмас, балки одамларнинг орқасидан эргашишга мойилликни кўрсатмоқдалар. Бу кассага тушумни кўтариши мумкин. Лекин бебаҳо миллий маънавий бойлигимиз – ўзбекистонликларга хос юксак бадиий дид даражасини ўртамиёна, оммабоп, “бизларга шу ҳам бўлаверади”, – дейдиган даражагача тортиб тушириши, пасайтириб юбориши мумкин. Глобаллашув даври ва “оммавий маданият” “...глобаллашув феномени ҳақида гапирганда, бу атама бугунги кунда илмий-фалсафий, ҳаётий тушунча сифатида жуда кенг маънони англатишини таъкидлаш лозим. Умумий нуқтаи назардан қараганда, бу жараён мутлақо янгича маъно-мазмундаги хўжалик, ижтимоий-сиёсий, табиий-биологик глобал муҳитнинг шаклланишини ва шу билан бирга, мавжуд миллий ва минтақавий муаммоларнинг жаҳон миқёсидаги муаммоларга айланиб боришини ифода этмоқда” . Ислом КАРИМОВ Глобаллашув “оммавий маданият”ни ёймоқда. У ўзбекларнинг тафаккурига, мусиқасига, дидига, кийинишига, меню, иморат қуриш, ўзаро муомала, оиласига, оилавий муносабатларига, ҳатто орзуларига ҳам чанг солмоқда. Нафақат ўзбеклар, балки МДҲ мамлакатлари аҳолисига. Россия телевидениесида СГУ ТВ деган канал бор. Унда атоқли олимлар маъруза қилишади. Маърузалар сунъий йўлдош орқали дунёга тарқатилади. 2007 йил 20 сентябрь куни ўша каналда ёзувчи, олим Александр Владимиров “Бадиий ижоднинг ғояси” ҳақида маъруза қилди. “Онгимиз пасайиб бораётир”, дейди олим ташвиш билан. “Яқинда бир талабамдан: “Пушкинга замондош шоирлардан кимларни биласиз”, деб сўрасам, “Дзержинскийни”, дейди. Ҳамма нарса пул ўлчовида баҳолана бораверса, биз онгсиз одамларга айланамиз. Ана шунда бизни бошқариш осон бўлади”, – деди куюнчак олим. “Оммавий маданият” глобаллашув даврининг махсули бўлган ОАВнинг янги кўринишлари таъсирида дунё мамлакатларининг барчасига “замонавий маданият” сифатида кириб борди. У ХХ аср ўрталарида оммавий мулоқот ва ахборот воситаларининг жамият ҳаётига чуқур кириб бориши ва барча ижтимоий гуруҳлар учун етарли бўлиши натижасида шаклланган ва моҳиятан барча ёшдаги аҳоли учун тушунарли бўлган маданият намуналари (оммавий эстрада мусиқаси, цирк ва ҳ.к.) қадриятларидир. “Оммавий маданият”нинг кескин ривожи XX асрнинг ўрталарига тўғри келади. Шу вақтдан бошлаб у кенг қамров ва ҳужумкорлик билан тарқала бошлади. Оммавий ахборот ва коммуникация (радио, кино, телевидение, кўп нусхали газеталар, суратли журналлар, интернет) воситаларининг кескин ривожи ва тарқатилиши – глобаллашув жараёни бунга сабаб бўлди. Чунки глобаллашув даврида ҳар қандай жараён дунёнинг у четидан бу четига тез суръатлар билан кўчиб ўтишини инкор эта олмаймиз. Энг умумий маънода, глобаллашув муайян ҳодиса, жараённинг барча минтақалар, давлатлар ва бутун Ер юзини қамраб олганини ҳамда уларнинг инсоният тақдирига дахлдор эканини англатади. Глобаллашув жараёнининг ҳаётимизга тобора тез ва чуқур кириб келаётганининг асосий сабаби эса, Президентимиз қайд этганларидек, бугунги кунда ҳар қайси давлатнинг тараққиёти ва равнақи нафақат яқин ва узоқ қўшнилар, балки жаҳон миқёсида бошқа минтақа ва ҳудудлар билан чамбарчас боғланиб бораётганидадир. Бирон мамлакатнинг бу жараёндан четда туриши ижобий натижаларга олиб келмайди. Бу борада ҳинд халқининг давлат арбоби Махатма Гандига “Глобаллашув жараёнига қандай қарайсиз?” деган саволни беришганда, у шундай маънода жавоб берган экан: “Мен ташқаридаги бўрондан қўрқиб, деразамни ёпиб қўя олмайман, чунки менга тоза ҳаво ҳам керак. Шу билан бирга, тоза ҳаво керак экан, деб деразамни катта очиб ҳам қўя олмайман, чунки уйимни чанг-тўзон босиб кетишини ҳам хоҳламайман”. Демак, биз ўша кириб келаётган воситаларга фильтр ўрнатишимиз керак, холос. Глобаллашув жараёнининг яна бир ўзига хос жиҳати унинг мафкуравий таъсир ўтказиш кўламини ҳаддан зиёд кенгайтириб, беқиёс даражада тезлатиб юборганида ҳам кўринади. “Мана шундай вазиятда, – деб ёзади Ислом Каримов, – одам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий-миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, ҳар турли маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги таъсирига бардош бериши амримаҳол”. Шундай экан, биз ҳам оммавий маданият билан “оммавий маданият”нинг фарқига боришимиз ҳамда “оммавий маданият”нинг аянчли оқибатларининг олдини олиш учун курашишимиз лозим. Бунинг аянчли оқибатлари эса маълум: ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларининг кенг тарқалиши. “Оммавий маданият”нинг мақсади нима? Хизмат юзасидан мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги ҳар хил соҳа вакиллари, жумладан, зиёлилари билан суҳбатда бўламиз. Ана шундай суҳбатларда “Оммавий маданият” нима? деган саволга ҳатто аксарият зиёлилар ҳам ижобий ҳодиса сифатида тасниф беришади. Албатта, тушуниш мумкин оғзаки нутқда қўштирноққа олиб гапириб бўлмайди. Балки шунинг учун улар адаштиришаётгандир, деб ўзимизга таскин бердик дастлабки сўровлар вақтида. Лекин кейинчалик бу саволни ёзма шаклда, яъни айнан қўштирноққа олинган ҳолда берганимизда ҳам натижа ўзгармади. Демак, бу тушунчанинг салбий эканлигини халқ орасида тарғиб қилиш ва бу бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш бугун шу соҳа вакилларининг асосий вазифаларидан бири экан. “Оммавий маданият” ўз маъносида эмас, балки кўчма маънода ишлатилмоқда. Чунки у қўштирноққа олинган. Бу тушунча ҳақида кўплаб олимларимиз таъриф беришди. Биз ҳам ўз тадқиқотларимиз таҳлилидан келиб чиқиб, қуйидагича таъриф туздик: Маълум бўлишича, “оммавий маданият” асосан замонамиз вакилларининг янги-янги “мода”лари асосида бойиб боради. Гўёки ким ўша “мода”га амал қилса, у маданиятли деб топилади. Ҳамма оммавий равишда ана шу мода асосида яшаши керак бўлади. Акс ҳолда у замондан орқада қолган – маданиятсиз деб ҳисобланади. Чунки у бугуннинг модасини билмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, “оммавий маданият” бу – оммавий “мода” ният, яъни янгича модани ният қилиш, унга эришиш ва уни оммавийлаштириш демакдир. Мода эса кимнингдир фойдасини кўзлаган ҳолда оммавийлаштирилади. Унинг натижасида эса инсон саломатлигига зарар етади. Эътибор беринг-а, “оммавий маданият” ҳам маънавий савиямизни туширишга ҳаракат қилиб, ўзлигимиздан айиришга интилаётир, ҳам сездирмаган ҳолда соғлигимизга ҳужум қилаётир. Чунки у жисмонан носоғлом одам кимнингдир “муруввати”га муҳтож бўлишини билади-да. Бундан ташқари, кўриб турганингиздек, “оммавий маданият” ахлоқсизликни тарғиб қилмоқда ва уни одамларга маданият деб ўргатмоқда. Бу замонавий маънавий таҳдид нафақат ахлоқий бузуқликни, балки зўравонлик, индивидуализм ва эгоцентризмни ҳам кенг оммалашишига хизмат қилмоқда. Чунки “оммавий маданият” маънавий тубан одам кимгадир сўзсиз бўйсунишига ишонади-да. Хуллас, “оммавий маданият”нинг мақсадларидан бири – одамларни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, бир-бирини ва шу билан бирга, ўзини ўзи ўлдиришигача олиб бориш. Натижада эса унинг тарқатувчилари дунё ва ундаги бойликларга ягона ҳукмрон бўлиб қолишни хоҳлайдилар. Санъатда “оммавий маданият” Ҳозирги замон маданиятшунослигида, одатда, оммавий маданиятнинг учта асосий даражасини кўрсатадилар: 1. Китч-маданият (паст даражадаги, вульгар, беҳаёлар маданияти) 2. Мид-маданият (“ўртамиёна” маданият); 3. Арт-маданият (маълум бадиий мазмун ва эстетик қийматга эга маданият). “Китч” сўзи немисларнинг “kitschen” олмошидан ҳосил бўлган ва савияси паст, арзон ва жўн асар яратиб, сотишни билдиради. Бундай асарлар ҳақиқий санъат дурдоналари соясида пайдо бўладиган бўш, эсдан тез чиқиб, унутиладиган маданият маҳсулотларидир. Муаммоларни чекланган, ҳаётдан узоқ қилиб тасвирлаш, образларни, ғоя ва сюжетларни қолипга солиш, майда турмуш ташвишларига ўралашиб қолган қатламга мўлжалланган маданият асарларини яратиш. Мид-маданиятнинг қамрови кенг, даражаси анча баланд. У анъанавий маданиятнинг айрим хусусиятларини акс эттирса ҳам, оммавий маданиятга бевосита тааллуқлидир. Арт маданияти одатда, аҳолининг билимли қисмига мўлжалланган оммавий маданиятдир. Унинг вазифаси оммавий маданиятни максимал даражада анъанавий маданият стандартларига яқинлаштиришдан иборат. Бундан ташқари баъзи бир мутахассислар оммавий маданиятнинг яна икки алоҳида турини – попмаданият ва рокмаданиятни ҳам кўрсатадилар, чунки ҳаёт уларнинг ҳам яшовчанлигини ҳамда муайян табақадаги кишиларнинг онгини эгаллаганлигини кўрсатди. Бунинг боисини америкалик сиёсатшунослар ҳам тан олишди. Бу ҳақда Збигнев Бжезинский шундай деган эди: “Агар Рим дунёга – ҳуқуқни, Англия – парламентни, Франция – маданият ва миллий республикачиликни берган бўлса, АҚШ – дунёга илмий-техника революциясини ва оммавий маданиятни тортиқ қилди”. АҚШда бўш вақт, яъни дам олишни саноат асосига кўчирган. Аҳолининг бадиий жиҳатдан унчалик юксак бўлмаган талабларини қондириш (ёки ушбу талабларни шакллантириш) мақсадида оммавий бадиий адабиёт (фантастика, саргузашт, бульвар адабиёти, “аёллар” романи) дунёга келди. Шунингдек, арзон-гаров жангари, триллер, мелодрама ва бошқа фильмларнинг ғояси ва ўлчами битта – одамларнинг америкача муносабатларини қарор топтириш, мусиқа жанрида ҳам асосан ана шу мақсад кузатилади. ХХ асрда жазнинг юзага келиши ва ривожланиши билан дунё мусиқа маданиятини ўзгартириб юборди. Жаз ХХ аср арафасида дунёга келди. Унинг томири негрларнинг анъанавий маданиятига бориб тақалади. Мусиқадаги ритмик паузаларнинг кучайиб, пасайиб туриши қора танлиларнинг “спричуэлс”, регтайм ва блюз каби ўзига хос ўйинларини эслатиб туради. ХХ асрда ўйин маданияти мислсиз миқёсда тарқалди. Жаҳонни эгаллади. У бўш вақтни ўтказиш воситасига айланди. Дансинг ва дискотекага сиғиниш юзага келди. Мусиқа шаклининг ривожланиши, эскиларининг йўқолиши ва ўйинда янги стил усулларининг кириб келишига сабаб бўлди. 1920 йилларда “Чарлстон” модада бўлса, кейинчалик унинг ўрнини “степ”, “чечетка”, жаздан ажралиб чиққан ирланд жигиси кейинроқ, 50 йилларда “рок-н-ролл”, 60 йилларда “шейк” ва “твист” хитга айланди ва унинг оммавийлигини таъминлашда барча воситалар иштирок этди: грампластинкалар чиқарилди, телевидение ва радиомаҳсулотлар тарқатилди. Бу “оммавий маданият” тарқатилишидаги энг омадли тижорат лойиҳаси эди. – Диско ўйин йўналиши ҳозирги кунларимизгача етиб келди, у жуда оммавий бўлмасада, ҳали бор. “Оммавий маданият” бугун иқтисодиётнинг энг даромадли тармоғига айланиб бормоқда. Уни ҳозир “қизиқишлар индустрияси”, “тижорат маданият”, “поп-маданият”, “бўш вақтдан фойдаланиш индустрияси” деб атай бошладилар. Маълумки, меҳнаткашларнинг маълум қисмида бўш вақт сероб. “Оммавий маданият” мазмунини бойитишни тақоза қилади, чунки мамлакатимизда ишлаб чиқаришнинг тобора саноатлашиши, автоматлаштириш жараёнида аҳоли ўртасида “бўш вақтни ёпиш эҳтиёжи” ҳам ошиб бормоқда. Ана шу жараёндан ҳосил бўладиган муаммоларни ҳал этиш эҳтиёжи “оммавий маданият”ни юзага келтирмоқдаки, бу айниқса одамнинг онгига, яъни адабиёт ва санъатнинг барча турларига бевосита боғлиқдир. Кейинги ўн йилликда маданиятни демократлаштиришда кино, телевидение, кассета, спорт албатта (унинг томошабинга тааллуқли қисми) жуда муҳим каналлар ҳисобланмоқда. Улар айни пайтда турли тоифадаги одамларнинг тўпланишига сабаб бўлмоқда. Кўпинча уларни бирлаштирган истак – ўзларини психологик жиҳатдан бўшатиб олиш истагидир. “Оммавий маданият” бозордаги товарга айланиб, муайян хусусиятлар касб этди. Аввало, у “оддий” (буни жўнлик деб атаса ҳам бўлади). Чунки кўпинча бундай маҳсулотлар “кўча одами”га мўлжаллангандир. “Оммавий маданият” ўз вазифасини тўла бажариши, яъни ишлаб чиқаришдаги асабийликларни олиб ташлаши учун у энг камида қизиқарли бўлиши лозим. Албатта, бундай маданий маҳсулотлар интеллектуал жиҳатдан етарлича ривожланмаган одамлар эҳтиёжини қондириши мумкин ва инсон онги, кечинмаларига таъсир этади. Шунинг учун ҳам “Оммавий маданият”нинг “энг қизиқарли” ва ҳаммага тушунарли мавзулари – муҳаббат, оила, карьера, жиноятчилик ва хўрлаш, саргузашт, қўрқинч ва ҳоказолардир. Мавзулар эксплуатациясидан унинг эгалари катта даромадлар олмоқдалар. “Оммавий маданият” байналминал ва миллий бўлиши мумкин. Эстрада мусиқаси бунга мисол бўлади: у ҳаммага тушунарли ва барча ёшдагиларга, билим даражасидан қатъий назар, аҳолининг барча қатламларига ўнғай. “Оммавий маданият”нинг бадиий қиммати халқ маданиятидан пастроқ бўлади. Лекин унинг аудиторияси кенгроқ, чунки у муаллифли, у одамларнинг ҳозирги дақиқалардаги эҳтиёжини қондиради, ҳар қандай янги воқеа ва ҳодисаларга хозиржавоб бўлади. Маълум вақт ўтгач, улар ўз долзарблигини йўқотади, эскиради ва модадан қолади. Юксак даражадаги асарлар ва халқ маданияти бундай қисматга учрамайди. 1917 йили большевиклар ҳукуматга келгач, аввало улар маданиятни ислоҳ қила бошладилар. Бадиий ижод аҳлидан пролетарлаштирилган халққа асарлар яратишни талаб этдилар. Улар шундай шиорни олға сурдилар: “Санъат халққа тушунарли бўлиши лозим”. Большевиклар бу шиорни немис марксисти Роза Люксембургга тегишли, деб эълон қилдилар. Кейинчалик у аслида бундай демаганлиги маълум бўлди. У шундай деган экан: “Санъатни халқ тушуниши лозим!” Биринчи шиорда юксак маданиятни онги жўн халойиқ, оломон даражасигача тушириш назарда тутилган. Иккинчисида халқни жаҳон маданияти даражасига кўтариш учун ўқишга ва такомиллашишга чақиради. Ҳаммабоплик сабаблари Энди оммавий маданиятнинг машҳурлик ва ҳаммабоплик сабабини аниқлашга уриниб кўрамиз. Аҳоли билан уларга тушунарли бўлган ўртача тилда мулоқот ва муносабат қилиниши оммавий маданият усулларининг муҳим жиҳати ҳисобланади, бундан ташқари, бошқа киши онгига бевосита боғлиқ жиҳатлари ҳам бор. Масалан, индивиднинг ижтимоий воқеа ва жараёнларда маънавий ва интеллектуал иштирок этишни ҳохламаслиги. Бошқача айтганда, кўпчилик жамият аъзоларининг онги пассивлиги. Бунга ёшларнинг маълум қисмида маданият маҳсулотларига, жумладан, “оммавий маданият”га сўнгги стандарт деб қараш истагидир. Ахборот технология воситаларининг кучайиб кетганлиги боис бўш, ўта саёз маданият маҳсулотлари ҳам бозорга чиқарилмоқдаки, уларнинг кўпчилиги маънавиятни юксалтириш мақсадида эмас, балки тижорат мақсадида тарқатилмоқда. Натижада анъанавий маданият маконида мумтоз халқ ижодиёти ёнида аҳоли онгини билим ва тафаккурини ўтмаслаштирадиган ижод маҳсуллари ҳам кўпайиб бормоқда. Бу борада мамлакатимизда бир қатор ташкилий-маърифий, маънавий ва моддий чоралар кўрилмоқда, албатта, лекин бундай маҳсулотлар ҳаётимизга селдай кириб келиши ҳамон тўхтамаётир. Бу эса мутасадди маданий ва илмий жамоатчилик олдига муҳим вазифалар қўяди. “Оммавий маданият” ва ёшлар Биз бугун юртимизда янги ҳаёт барпо этар эканмиз, бир масалага алоҳида эътибор беришимиз лозим. Яъни, коммунистик мафкура ва ахлоқ нормаларидан воз кечилганидан сўнг жамиятда пайдо бўлган ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, четдан биз учун мутлақо ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган «оммавий маданият» ёпирилиб кириб келиши мумкинлиги барчамизга аён бўлиши керак. Ислом КАРИМОВ ХХ асрнинг 80-йиллар иккинчи ярмида собиқ шўролар мамлакатида бошланган истиқлолга интилиш ҳаракатлари шўролар давридаги мудроқликка чек қўйди. Коммунистик цензура ҳамма вақт ёқтирмай танқид қилиб келган “оммавий маданият” оммавий ахборот воситасида ҳаётимизга фаол кириб келди ҳамда аҳоли ўртасида яшиндек ёйила борди. Бунга катта ёшдагиларнинг маълум даражада қаршилик кўрсатгани, қабул қилолмагани, анъанавий маданий қадриятлар улар онгу-шуурига анча чуқур ўрнашгани кўзга ташланиб турди. Лекин ёшларнинг катта қисми, айниқса, талаба ёшлар шўро даври маданий қадриятларига танқидий кўз билан қарадилар. Янги замон “оммавий маданият” маҳсулотларининг кутилган харидорига айландилар. Улар учун бу маҳсулотларнинг ўзимизники ёки хорижники эканлиги унчалик ҳам аҳамиятли эмас эди ва ҳамон шу жараён давом этмоқда. “Жаҳон тўри” деб ном олган интернет тизими орқали “оммавий маданият” маҳсулотлари ҳеч қандай тўсиқсиз мамлакатимизга кириб келмоқда ва айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарқалмоқда. Маълумки, ўсмирлар, ёшлар, талабалар янгиликка интилувчан, тенгқурларига ҳавасманд, модапараст, хориж стандартларини осон қабул қилишга ружу қўйган бўлади. Улардаги ана шу ижтимоий-психологик ҳолат кириб келаётган шубҳали қадриятларга танқидий ёндашувни чеклаб қўймоқда. Мақбул ёки номақбуллиги ҳақида муайян фикр-мулоҳазаси бўлмаган ёшлар ҳаётимизга, миллий минталитетимизга мос келмайдиган мафкуравий маҳсулотларни матбуот орқали қабул қилишга ошиқмоқда. “Оммавий маданият” ташқи кўриниши, осон ўзлаштирилиши билан уларни қизиқтирмоқда. Турфа ғоя ва рамзлар замонавий модалар оммавий маданият маҳсулотлари ёшлардан чуқур фикр-мулоҳаза юритишни талаб этмайди, ҳар хил ҳаёт ташвишларидан, турмуш муаммоларидан “халос” этади, жасадни ва руҳни дам олдириш, уларни ўқишга, билим олишга эмас, балки ўйнаб-қувнаб, “яшаб олиш”га чақиради. Аслида “оммавий маданият”нинг, уни тарқатаётганларнинг ҳам асл мақсадлари шундан иборат. Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этишини ва “оммавий маданият” муаллифлари айнан ана шу аудиторияни назарда тутаётганини эътиборга олсак, вазифаларимиз масъулияти аниқ аён бўлади. Ёшларнинг бадиий эҳтиёжларини қондириш, улар ўртасида “оммавий маданият” маҳсулотларининг тарқалмаслиги учун муайян ишлар амалга оширилаётир, албатта уларнинг санъатга, адабиётга ва бошқа маънавий маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларини ўрганиб бориш ҳозир изчил олиб борилмоқда. Битирувчиларда эса аксинча, санъатни кундалик ташвишлардан халос этиш воситаси деб қараш энг юқори балл, яъни 53,5 фоиз овоз олди, яъни сўровда қатнашган битирувчиларнинг шунчаси санъатга шундай восита деб қарар экан. Уларнинг орасида санъатга эстетик завқ бериш манбаси деб қаровчилар ҳам оз эмаслиги маълум бўлди. Биринчи курсларга нисбатан санъатни ижодга рағбатлантирувчи восита деб қаровчилар 7,7%, қадриятларни шакллантириш воситаси деб қаровчилар эса 5,2% кам экан. “Оммавий маданият”нинг ҳаётимизга бостириб келишида дастлаб оммавий ахборот воситалари асосий ролни ўйнади. Бугунга келиб эса, реклама унинг ажралмас йўлдошига айланиб қолди. Бозор қонуниятлари “оммавий маданият” маҳсулотларини кенг тарқатишдан манфаатдор бўлиб майдонга чиқмоқда. Замонавий аудио-видеотехникалар, овоз ёзиш ва кучайтиргич асбобларининг юзлаб турлари “оммавий маданият” маҳсулотлари рекламаси билан кун кўрмоқдалар. У саноат асосига кўчирилгач, ўртача, бўш “оммавий маданият” маҳсулотларини кўпайтириш ва сотиш бўйича қудратли тизим яратилди. Истаган дўкондан дунёнинг ҳар қандай хонанда ёки созандаси ижро этган қўшиқ, клип аудиовидеотасмасини топиш мумкин. Санъатга, “оммавий маданият”га масъулиятсизлик билан муносабатда бўладиган, енгил-елпи ижод билан элга танилган санъаткорлар армияси пайдо бўлди. Ўзлари шоир, ўзлари композитор бўлган, мусиқий махсус билими бўлмаган жуда кўплаб гуруҳлар пайдо бўлди ва улар ўз маҳсулотларини истаганча реклама қилмоқдалар. Ёшлар эса ана шундай сийқаси чиққан, лекин маълум маънода “ўз аудиториясини топган”, “санъаткор”лар армияси билан юзма-юз турибдилар. Реклама – яратувчи куч эмас, балки у оммавий психологияни акс эттирувчидир. Баъзан клипларда чиройли қизлар ва йигитлар нима деяётганлигини ўзлари ҳам тушунишмайди. Кучли мусиқа садоси остида нималардир дейишади, машиналарга ўтириб қаерларгадир боришади. “Оммавий маданият” маҳсули бўлган бундай “асарлар” миллат менталитетини пасайтиришга хизмат қилаётгани сир эмас. Реклама нима дейди? Бирорта ширин ичимликни истеъмол қилиб чексиз роҳат ва фароғат олиш мумкин. Бирор нарсага эришиш учун жон куйдириш, тер тўкиб, меҳнат қилиш шарт эмас, ичимликни сотиб олиш керак ва уни истеъмол қилиш керак. Ёки ёзиб олинган фонограммага мос қилиб, лабни қимирлатиб туравериш керак, тамом вассалом. Энди ўсиб, жамиятга кириб келаётган ёшларга, ўсмирларга ҳам ОАВлар шундай таълим бермоқдалар ва у қай бир даражада ўз харидорини топмоқда ҳамда онгига таъсир этмоқда. Демак, “оммавий маданият”нинг ана шундай сийқаланиб, жўнлашиб бориши ҳаммамизни огоҳликка чорлаши лозим.