Кўнгил битиги...

  • Хўл момо хоп хафами дейман кечадан бери ёмғир тинмай ёғади. Шитирлаш саси ҳудди ўксиб-ўксиб йиғлаётган қизни эслатади. Балки руҳиятимга чўккан махзунлик сабаб шундай туюлаётгандир билмадим. Ишхонадан дераза оша ташқарига термуламан. Ҳамма қаергадир шошади, кўча бир зум тинмайди шовқиндан. Ана бир кампир ёмғирпушсиз чиқибди, ёшига ярашмаган чаққонлик билан кетиб боряпти. Иссиққина уйи ва набиралари қучоғига шошиб кетаётган бўлса ажабмас.  Анави амаки эса икки дона нонни ёмғирдан паналаб курткаси ичига солиб олибди. Курткадан тутун чиқади. “Болаларим иссиқ нон есин” дейдида. Шошган одамлар, бахтли одамлар... уйингда кимдир интиқ кутиши бошқача бўлса керак. Остонадан кириб борасану болаларинг қучоғингга отилади, ёки онанг “Келдингми болам, ёмғирда ивигандирсан, кирақол шамоллаб қолмагин” дейди. Ушбу манзара Сизга одатий ҳолдек туюлар эҳтимол. Лекин бу кимларнидир  бир умрлик етолмас орзуси эканлигини ўйлаб ҳам кўрмассиз. Уйга тезроқ бориш илинжида шошиш ҳам бахт билсангиз... Нима муаммонгиз бор? Бозорда нарх-наво ошиб кетиб, маошингиз рўзғорга етмаяптими? Шукр қилинг, шу маошингизни “еб тугатадиган” оилангиз борлигига. Хотиним рашкчи, жахлдор дейсизми? Шукр қилинг шу рашкчи жахлдор аёл Сиз учун яралган, ширин болачаларингизни тортиқ қилган, иссиқ-совуғингиздан хабардор. Ҳатто Оллоҳ дард берса ҳам шукр билан қаршиламоқ керак экан. Касаллансангиз туни билан Оллоҳдан “боламга шифо бер, дардини мен олай” дегувчи онаизорингиз бор, шу пайтда қўпол ва ҳадеганда тергайверадиган отангиз ҳам онангизни илтижоларига ич-ичидан қўшилиб Сизга ва оилангизга соғлиқ тилайди.

    Аёллар Сиздачи нима муаммо бор? Уйда ўтириб қолиб, “бир қоп бўлиб” болалар билан ўралашиб қолдингизми? Шукр қилинг, аёллик бахтидан мосуволар ҳам йўқ эмас. Рўзғордан орттириб йилда бир эгнингизга кўйлак ололмай жуфти ҳалолингизни “чақиб” олишдан олдин ўйланг, эртадан кечгача мехнат қилиб уйга тўрттагина нон олиб келиш ҳам осонмас аҳир.

    Азизларим шукр қилиш учун сабаблар талайгина. Бу мавзуни узоқ давом эттириш мумкин. Қачонки  ичимиздаги худбинлик ва кўролмаслик иллатларини қувиб чиқариб ҳаётга ўзгача назар солишни ўргансаккина тортиқ этилган ҳаётимиз қанчадан тотли эканини англаб етармиз эҳтимол. Бу бевафо дунё уммонида сузар эканмиз ҳудбинлигимиз сабаб атрофимизда қанчадан қанча шу оддийгина оилавий бахтдан бебахра инсонлар борлиги ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

    Бир ўйлаб кўринг-а...

    Ишдан чарчаб борганингизда совуққина хона кутиб олса, остонада шовқин солиб оёғингизга осиладиган фарзандларингиз ҳам йўқ. Меҳр билан кутиб оладиган онаизорингиз ҳам, кеч келганингиз учун урушадиган қаҳри қаттиқ отангиз ҳам йўқ. Оила аъзоларингиз, жигарларингиз бўлса-ю ҳудди бегоналардек келган, кетганингиз билан иши бўлмасачи? Ҳатто бир кеча уйга келмасангиз ҳам нега келмаганингиз билан қизиқадиган инсон бўлмасачи? Алам қилади тўғрими? Кечги таом сизга алоҳида ажратиб қўйилган бўлса ерсиз, қолдиришмаган бўлса нари-бери овқатланасизда ўшандайин совуқ, бефайз хонангиз бурчагидаги каравотда унсиз йиғлаб тонг оттирасиз. Эртанги кун ҳам ҳудди шундек такрорланаверади, индин ҳам, такрорланаверади... такрорланаверади... Устингиз бут, бошпанангиз бор, соғлиғингиз жойида, лекин юрак... Юрак фақат мавжудлиги учунгина уради холос. Бахтдан масрурланиб энтикмайди. Ҳатто бетоб бўлиб қолишни, атрофингизда суюклиларингиз парвона бўлишини ҳам истаб кетасиз. Ҳаёлларингиздагина буни ҳис қила оласиз.  Бу орада умр  номли шошқин сой  оқиб  ўтаверади... ўтаверади... Маъносиз, хира кунлар кетма-кетлигида ҳаёт ҳам шундай тугар эҳтимол. Шундай тақдир битигида яшаётганлар йўқ дейсизми? Бор, бундан ҳам баттар аҳволда яшаётганлар бор.

     

    Шукр қилинг азизларим! Минг бора шукр...    

    (с)